15:12 / 30.01.2017
17173

Ўзбекистонликлар Беларусь, Россия ва Қозоғистонга нос олиб кириш тақиқланганидан огоҳлантирилди

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Ўзбекистон Республикасидан Божхона иттифоқига аъзо давлатларга чиқувчи жисмоний шахсларга қаратилган мурожаатни эълон қилди.

«Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Божхона Иттифоқининг Божхона кодексига ҳамда ушбу ташкилотга аъзо давлатларнинг миллий қонунчилигига мувофиқ Беларусь, Россия ва Қозоғистонда Марказий Осиё давлатларида кенг тарқалган тамакининг сочма тури — носни олиб кириш, қайта ишлаш, тайёрлаш ва сақлаш бутунлай тақиқланганини яна бир карра эслатиб ўтади», — дейилади эълонда.

Мазкур тартибларга риоя қилмаган жисмоний шахслар ўзлари бўлиб турган давлатнинг қонунчилигига мувофиқ маъмурий жавобгарликка тортилади ва иш судга оширилади.

Божхона қўмитаси эслатишича, 2016 йилда биргина «Тошкент—Минск» рейси бўйича Беларусга борган Ўзбекистон фуқаролари томонидан мазкур йўналишда 43 та божхона қоидабузарликлари содир этилган ва натижада 100 килограммдан ортиқ носнинг ушбу давлатга олиб кирилишининг олди олинган.

«Шундай экан, юртдошларимиздан ўзлари йўл олган давлатнинг божхона қоидаларига қатъий риоя қилишларини сўраймиз. Бу билан сиз нафақат ўзингизнинг, балки, юртимизнинг шаънини ҳам ҳимоя қилган бўласиз», — дейилади мурожаатда.

Нос, носвой — ўзида никотин сақловчи чекимлик. Унинг асосини тамаки ва сўндирилган оҳак ташкил этади. Носвой асосан Марказий Осиё мамлакатларида тайёрланади ва чекилади.

Top