Жаҳон | 16:39 / 10.02.2017
6865
2 дақиқада ўқилади

Афғонистонда хорижий ҳарбий хизматчилар сони оширилиши мумкин

Фото: РИА "Новости"

Афғонистон мудофаа вазирлиги мамлакатдаги Америка ҳарбий кучлари қўмондони Жон Николсоннинг фикрларини маъқуллашини билдирди. Николсон Толибон ҳаракатига қарши курашда Афғонистон маҳаллий хавфсизлик хизматларини тайёрлаш учун хорижий қўшинлар сонини ошириш зарур, деган фикрни илгари сурганди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилмоқда.

"Миллий мудофаа вазирлиги афғон-америка ҳукуматлари томонидан қабул қилинган ҳар қандай қўшма қарорни қўллаб-қувватлайди. Бу терроризмга қарши умумий урушдир. Биз мамлакатда терроризмга қарши кураш борасида ҳар қандай йўлни маъқуллаймиз", - дея вазирлик расмий вакили Давлат Вазирий сўзларидан иқтибос келтиради агентлик. 

Унинг қўшимча қилишича, хорижий ҳарбий кучлар сонини ошириш мамлакатдаги жангарилар гуруҳларига қарши курашда "яхши қадам" бўлиши мумкин. 

9 февраль куни Жон Николсон Америка сенатининг қуролли кучлар ишлари бўйича қўмитасида чиқиш қилар экан, Афғонистондаги терроризмга қарши миссиянинг етарли таъминланганига қарамай, "бир неча минг киши етишмаётгани"ни маълум қилган эди.

Агентликка кўра, 2011 йилда 100 минг ҳарбий хизматчидан иборат Америка контингенти ҳозирда 8400 кишини ташкил этмоқда.

Мавзуга оид