18:01 / 11.02.2017
44974

Самарқандда "Иегова шоҳидлари"нинг ноқонуний йиғилиши фош этилди 

Иллюстратив фото

Жорий йилнинг 19 январь куни ҳуқуқ-тартибот органларига Самарқанд шаҳар Даҳбет кўчасидаги хусусий ҳовлилардан бирида шубҳали шахслар тўплангани ҳақида телефон қўнғироғи бўлди. Тезкор гуруҳ вазиятни ўрганиш учун айтилган манзилга етиб борди, деб хабар берди “Зарафшон” нашри.

Аниқланишича, фуқаро Розия Қосимова ўзи истиқомат қиладиган уйда адлия идораларида рўйхатга олинмаган "Иегова шоҳидлари" диний ташкилотига аъзо бўлган адептларнинг ноқонуний йиғилишини уюштирган экан. Йиғинда Самарқанд шаҳри ва унга яқин ҳудудларда яшовчи 9 киши қатнашгани маълум бўлди.

Йиғилиш ўтказилаётган уй кўздан кечирилганда диний мазмундаги "Инжил", "Муқаддас китоб", "Рассуждение с помощью писаний", "Организованный чтобы исполнять волю Иегови", "Познание ведущее к вечной жизни", "Руководство для школы теократического служения", "Фарзандларингизга таълим беринг", "Муқаддас китоб таълимотлари" китоблари, "Духи мёртвых" журнали, Ислом динига алоқаси бўлмаган диний мазмундаги варақалар, 2 дона планшет борлиги аниқланиб, бу ашёвий далиллар тегишли тартибда расмийлаштирилди.

Ушбу ҳудудда яшовчилар Р.Қосимова узоқ вақтдан буён Самарқанд шаҳрининг мусулмон аҳолиси орасида мазкур ташкилотни тарғиб этгани, "Иегова шоҳидлари" ташкилоти ғояларини тарғиб қилувчи адабиётларни тарқатганини маълум қилди.

Розия Қосимова 2007 йилда ҳам шу каби фаолияти учун маъмурий жазога тортилган. Айни вақтда ноқонуний диний йиғилиш ташкилотчиси ва унинг фаол аъзоларига нисбатан Маъмурий-жавобгарлик кодекснинг тегишли моддалари билан материаллар тайёрланмоқда, дейилади хабарда.

Top