09:33 / 15.02.2017
11426

«Барселона» мураббийи ўйиндан кейин: «Бу даҳшатли кеча»

«Барселона» клуби бош мураббийи Луис Энрике «ПСЖ» билан ўйиндаги мағлубият ҳақида фикрларини билдириб ўтди. Эслатиб ўтамиз, Париждаги «Парк де Пренс» стадионида кечган баҳс 4:0 ҳисобида мезбонлар фойдасига ҳал бўлди.

«Бу биз учун даҳшатли кеча бўлди. „ПСЖ“ биздан барча жиҳатларда – тўп билан ҳаракат қилишда ҳам, тўпсиз ўйнашда ҳам кучли эди. Якуний натижа майдондаги вазият ҳақида тўлиқ таассурот беради. Мен бу ҳақда мухлисларимизга ортиқча гапиришни истамайман.

Натижа учун масъулият менинг бўйнимда. Агарда мағлубиятга айбдор бўлганга бармоқларингиз билан ниқтаб кўрсатмоқчи бўлсангиз, бу ўйинчилар эмас, балки менман. Сабаби ушбу футболчилар бошқа кунларда ғалаба ҳам қозонишади. Биз Месси кўпроқ тўпга эгалик қилиши учун ўйин схемасини 4-3-3дан 4-2-3-1га ўзгартирдик, бироқ якунда нима бўлганини ўзингиз кўрдингиз.

„ПСЖ“нинг бундай ўйини ҳайратга солмади. Улар Ди Мария каби жуда моҳир ўйинчиларга эга, шунингдек захира ўриндиғида ҳам ажойиб футболчилар бор. Улар юқори ўйин даражасини кўрсатиб, ғалабага бўлган интилишни намоён эта билишди», - дея Энрикенинг сўзларини келтиради Marca нашри.

Top