22:54 / 20.02.2017
5646

Анқара ва Вашингтоннинг Сурия бўйича фикрлари яқинлашмоқда

Бошқа давлатлар позицияларидан қатъий назар, Туркия барча террорчилик ташкилотлари борасида ягона ёндашувга амал қилади, деб айтди Туркия бош вазири ўринбосари Нўъмон Куртулмуш Анқарадаги матбуот-анжуманида. 

Унинг айтишича, расмий Анқара ИШИД ва "Халқ мудофааси отрядлари" жангариларини террорчилар сифатида қабул қилишда давом этади.   

Куртулмушнинг таъкидлашича, Суриянинг Ал-Боб шаҳрини ИШИД террорчиларидан озод қилиш бўйича ишлар якунланмоқда. Унинг айтишича, Анқара Ал-Бобдаги операция моделини Раққани озод қилишда ҳам қўллашни таклиф қилмоқда.

"Операцияда маҳаллий кучлар фаол роль ўйнаши мумкин, халқаро ҳамжамият – Туркия, АҚШ ва бошқа давлатлар уларга логистик кўмак кўрсатадилар. Бироқ Раққа озод қилингандан кейин бу шаҳар бошқа бир террорчилик ташкилоти назоратига топширилиши керакмаслиги жуда муҳимдир. Туркиянинг бу масала бўйича позицияси жуда аниқ ва равшандир. Натижаларига кўра Туркиянинг бўлғуси операцияда иштирок этиши масаласи ойдинлашадиган муҳокамалар олиб борилмоқда", деб айтди Куртулмуш.

Куртулмуш АҚШ ҳукумати вакилларининг Туркияга сафарларига изоҳ бериб, Анқара ва Вашингтоннинг Сурия бўйича фикрлари яқинлашаётганини таъкидлаб ўтди.

"Шунингдек, "Параллел давлатлар" террорчилик оқими етакчиси Фатҳулла Гуленнинг экстрадиция қилиниши масаласи бўйича ижобий қадамлар учун асос яратувчи омиллар мавжуд", деб айтди Куртулмуш.

Top