16:30 / 20.02.2017
20879

Бахт қасидаси: Машҳурлик ортидаги изтироб ва йўқотишлар

20 аср охирида Киану Ривз Ҳолливуд юлдузига айланди. Унинг фантастик "Матрица" фильмидаги бош роли эса режиссёр ва продюсерлар орасида актёрга бўлган талабни оширди. Бироқ давомий келган шахсий ҳаётдаги фожиалар ва ҳафсаланинг сўниши Ривзнинг режаларини барбод қилди. 

У қатъиятли ва жасур роллар актёри сифатида кино оламига қайтиш учун кўп йиллар давомида оғир йўқотишларни бошдан кечиришни ўрганди. 

Мавқенинг гуллаб-яшнаши

Киану Ривз Ливан пойтахти Бейрутда туғилган. У уч ёшга тўлганида отаси оилани ташлаб кетади ва кейинроқ гиёҳванд моддаларни сотгани учун қамоққа тушади. Болалигининг кўп қисмини дунё бўйлаб саёҳатларда ўтказган Ривз узоқ вақтгача нима билан шуғулланишни билмайди. Хоккейчи бўлиш истаги эса оғир жароҳат олганида пучга чиқади. Кейинчалик у мактабдан ҳайдалди ва тақдир Киануни Лос-Анжелесга етаклаб келди. 

Аввалига ўзини майда ролларда синаб кўргач, 1986 йилда Ривз реал қотилликка асосланган "Дарё қирғоғида" ёшлар триллерида бош роллардан бирини ижро этади. Танқидчилар орасида фильм шу даражада муваффақият қозондики, Ривзни бошқа ёшларбоп картиналарга чақира бошлашди. У вақтда актёр бор-йўғи 22 ёш эди ва бундай натижа уни тўлиқ қондира олди. 

Бироқ бир йил ўтгач, Ривзнинг энг яқин дўсти ҳаддан ортиқ гиёҳванд модда қабул қилиб, оламдан ўтди. Шундан тўрт йил ўтгач, 1991 йилда актёр ўсмир ва ёш йигитлар ролларидан воз кечди ҳамда "Тўлқин чўққиси" фильмида ФҚБ агенти ролини ижро этди.  

Танқидчилар ва мухлислар орасида картинанинг муваффақияти актёрга таниқли продюсерлар орасида машҳурлик олиб келди. Шунингдек, MTV телеканалининг талқини бўйича "1991 йилнинг мухлислар орзусидаги эркаги" номинациясида ғолиб бўлди. "Тўлқин"даги омад эса 20 асрнинг энг таниқли америкалик режиссёри — Фрэнсис Копполанинг эътиборини торди. Ривзни "Дракула"да бош роллардан бирини ижро этишга чақиришди. 

"Дракула"да катта актёрлар билан бирга ишлаган Киану ўз устида қаттиқ ишлаши кераклигини тушуниб етди. 1994 йилда "Тезлик" жангари фильмида у ўзини бош қаҳрамон сифатида синаб кўрди ва яхши баҳолар олди. Кейин "Булутлар аро сайр" романтик драмасида Ҳамлет ролини қойилмақом ижро этиб, театрда ҳам ижод қилди.  

1997 йил у актёр Ал Пачино билан "Иблиснинг адвокати" картинасида бирга суратга тушди. Фильм суратга олиш ишларида қизиқарли факт мавжуд: Ривз фильмга айнан Ал Пачино чақирилиши учун гонорарининг катта қисмидан воз кечишга рози бўлган. Фильмнинг қиймати 57 миллион доллар бўлган бўлса-да, у Box Office'да 157 миллон доллар тўплади ва Ривзнинг актёрлик мавқеини оширди. 

1999 йилда Ривз таниқли Нео ролини талқин этган фантастик фильм «Матрица» катта экранларга чиқади. Картинанинг омма ва танқидчилар орасидаги мислсиз муваффақияти Ривзга туганмас шуҳрат олиб келди, актёрни ҳамон айнан шу фильм орқали яхши танишади.

Оилавий фожиа

Актёрлик шуҳрати ўзи билан бир вақтда Ривз учун оилавий кўнгилсизликларни ҳам етаклаб келди. Янги йил арафасида актёр 1998 йил танишган севимли ёри Женнифер Саймнинг ҳомиласи нобуд бўлади. Унга Ава Арчер Сайм-Ривз деб исм беришни режалаштиришган эди.

Фожиа Саймни чуқур изтиробга солади ва ичкиликбозлик, оғир дорилар қабул қилишга одатланади, Ривз эса ишига берилиб кетади. 

Тез орада жуфтликнинг муносабатига дарз кетади. Ривз актёрлик карьерасидан воз кеча олмасди, Сайм эса шунчаки ёлғизликни истайди. 2001 йилда қиз автоҳалокатда вафот этади. Бу эса Ривзга яна бир оғир зарба бўлади. Уни Аванинг қабри ёнига кўмишади.

2003 йилда Кианунинг бошига яна бир мусибат тушади — синглиси Ким давоси йўқ лейкемияга чалинади. Синглиси билан яқин бўлиш мақсадида у турар-жойини ўзгартирди. Касалликни тадбиқ қилиш учун 5 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлади ва синглиси даволанаётган касалхонага пулларини аямади.

Ривз кўпинча суратга олиш жараёнларини қолдириб, шифохоналарга кетиб қолар эди. Ҳолливудда эса у ҳақида гиёҳванд моддаларга боғланиб қолган, дея миш-мишлар тарқалди.

Кейинчалик Ривз ўзи энг оғир дамларда ҳам фақатгина синглиси ёнига келиб, уни қўллаб-қувватлаган. Актёр саратон билан курашувчи ўз жамғармасига асос солади. Натижада, "Матрица" трилогиясидан олган даромадининг 75 фоизини лейкемияга қарши курашиш ва касалликни ўрганишга сарфлади.  

2017 йил февраль ойидаги маълумотларга кўра, Ривзнинг синглиси соғайган: ҳозирда унинг касаллиги ремиссия ҳолатида.

2010 йилда интернет бўйлаб Splash News нашри томонидан суратга олинган "Ғамгин Ривз" меми пайдо бўлади. Суратда Ривз кўча скамейкасида оддий кийимда сэндвич еб ўтиргани тасвирланган.

Мемнинг машҳур бўлиши кўплаб инсонларнинг актёр ҳаётидаги фожиали воқеаларга бўлган қизиқишини орттирди. Энди янгича миш-миш пайдо бўлди: актёр оғир тушкунликка ботган, шу сабабли ҳам эски, арзон кийимларни кийиб олган.

2011 йилда “Би-би-си” журналисти Ривздан интернет-мемга қандай муносабатда эканлиги ва ўзини "ғамгин шахс" деб билиши ҳақида сўрайди. Актёр унга жавобан бу мем кулгили эканлигини айтади, бироқ шахсий кечинмалари тўғрисидаги саволларга ҳеч қандай жавоб бермайди.

Ривзнинг камтарлиги айнан унинг бошига тушган мусибатлар сабабли эканини аниқ айтиш жуда қийин. 2014 йилда маълум бўлдики, молиявий аҳволи 350 миллион доллардан ортувчи актёр қиммат бўлмаган уйда оддий ҳаёт кечиради.

Ҳолливуддаги бошқа ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ, Ривз ҳашаматли дала-ҳовли сотиб олмаган. Ҳаттоки, севгилиси вафот этиб, синглиси оғирлашган вақт ҳам ижара ва меҳмонхоналарда яшаб келган. 

"Пуллар — мен энг сўнгида ўйлайдиган нарса", — деган эди Ривз 2003 йилда. Шундан бери, у дабдабага катта эътибор қаратмаган. 

2011 йилнинг декабрида YouTube'да жинси ва қора камзул кийган Ривз Нью-Йоркдаги метрода қизга жой бераётгани тасвирланган видео пайдо бўлди.

Ривзнинг бағрикенглиги ҳақида турли гап-сўзлар юради. У мухлислари кўз олдида нафақат актёр, балки ҳақиқий инсон сифатида ҳам гавдаланади. Масалан, у ўзининг хайрия ишларини фильм суратга олиш чоғида ҳам амалга оширган: у "Матрица"нинг биринчи қисмида иштирок этган ҳар бир каскадёрга мотоцикл ҳадя қилади.

2011 йил Ривз рассом Александра Грант билан бирга "Бахт қасидаси" китобини ёзади. Расмлар билан безалган китоб актёр шеърларидан иборат бўлиб, ундаги суратлар мисраларни худди кўз ёши билан юваётгандек туюлади. Бироқ китобнинг охири рағбатлантиради: «Ҳар доим бундан-да ёмони бўлиши мумкин», — дейди муаллиф. Кейинчалик, актёр китоб шунчаки иштиёқ бўлгани ва уни жиддий қабул қилиш керак эмаслигини айтиб ўтади. 

"Матрица" трилогияси (2003) ва "Константин" (2005) фильмларидан сўнг Ривзнинг актёрлик фаолиятида оғир дамлар юз берди. Гоҳ ҳаваскор, гоҳ омадсиз картиналарда суратга тушиб, у "Матрица" қаҳрамонидан аста-секин улғая бошлади.  

Бироқ вазият 2014 йилда кескин ўзгарди ва актёр "Жон Уик" жангари фильмида суратга тушди. Ривз оғир касаллик туфайли рафиқасини йўқотган собиқ ёлланма қотил Уик ролини ўйнайди. 

Эндиликда "Жон Уик"нинг шов-шувли муваффақиятидан сўнг унинг иккинчи қисми ҳам катта экранларга чиқди. Бу эса Ривзнинг фаолияти яна давом этишидан дарак беради. 

10 февраль куни "Жон Уик 2" картинасининг премьераси муносабати билан Esquire нашри Ривз билан интервьюни чоп этди.  Қизиқарли мақолада актёрнинг иборалари акс этган қисқа таржимаи ҳоли ҳақида ёзилган. 

Актёр ҳаётининг ғамгин онлари ҳақида эса мақола охирида сўз боради: Туғилмаган фарзанднинг нобуд бўлиши, севгилисининг вафот этиши — журналист бу дамларни ёдга олар экан, актёрдан шахсий ҳаётда янгилик қилиш истаги бор-йўқлиги ҳақида сўрайди: 

"Энди жуда кеч. Мен фарзандли бўла олмайман" — дея жавоб берди Ривз. 

Top