08:32 / 21.02.2017
20573

Трампга Қаззофийнинг энг нохуш башоратлари ҳақида эслатишди

Ливиянинг собиқ етакчиси Муаммар Қаззофийни баъзилар “қонли диктатор” деб ҳисоблайди, бошқаларнинг фикрича, у – Шимолий Африка қумларида ривожланган ва анча кучли давлатни ярата олган сиёсатчидир. Унинг амакисининг ўғли, “Ливияда миллий кураш фронти” раҳбари ва Ливия-Миср муносабатлари бўйича собиқ координатор Аҳмад Қаззофий ад-Дам РИА Новости’га берган интервьюсида Қаззофийнинг келажак ҳақидаги баъзи бир фикрлари ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди.

Гап нафақат Ливия ҳақида, балки минтақадаги бошқа давлатлар ҳақида ҳам борган. Кўплаб араб мамлакатлари етакчиларини тўнтариб ташлаган Ғарб Шимолий Африкага “демократия ва маърифат” олиб келганини иддао қилади. Қаззофий эса аслида ҳаммаси бошқача бўлиши ҳақида фикр билдирган: қон, анархия ва очарчилик. Якунда ким ҳақ бўлиб чиқди? Бир вақтлар ўзини-ўзи бемалол таъминлай оладиган Ливияни фуқаролик уруши сабабли бутунлай тарқоқ аҳволга олиб келган Ғарбми? Ёки ғазаб отига минган оломондан ўзини омон сақлай олмаган Қаззофийми? 

Аҳмад Қаззофий ад-Дамнинг фикрича, жавоб қуйидагича: "Қаззофий ўз ҳаёт тажрибаси билан биргаликда тарихчи ҳамда инқилобчи эди. У Яқин Шарқ минтақасига бўлган таҳдидлар ҳақида маълумотга эга бўлган. Бу ҳақда 80-йилларда огоҳлантирган ҳамда минг афсуски, ҳозир бу рўй бермоқда". "Агарда муаммо ҳокимият тепасидан Қаззофий, ёки Саддам Ҳусайннинг кетишигагина боғлиқ бўлганида, у ҳолда нима учун вайронагарчиликлар ва қотилликлар ҳамон содир этилмоқда?" – дея қўшимча қилган ад-Дам.

Унинг фикрича, Ғарб ўз хатоларини тўғирлаши керак: "АҚШ собиқ президенти Барак Обама хатоларни тан олганидан сўнг, Буюк Британия жамоалар Палатасининг хорижий ишлар бўйича комиссияси, Италия собиқ бош вазири Сильвио Берлусконининг хулосаларидан кейин, - биз узр сўрашларини талаб қиламиз. Ким хато қилган бўлса, уларни тўғирлаши лозим".

АҚШнинг янги президенти Дональд Трамп ўзига “мерос” бўлиб қолган хатолар учун узр сўрашга тайёрми? Ёки Вашингтон яна ҳеч қандай ҳаракатларга сабаб бўлмайдиган баёнотлар билан чекланадими?

Дарвоқе

Муаммар Қаззофий назорати остидаги кучлар ва АҚШ ҳамда ЕИ томонидан қўллаб қувватланган мухолифатнинг қуролли отрядлари ўртасидаги қонли можаро Ливияда 2011 йилда бошланган. Ўша йилнинг октябрида Қаззофий ҳокимиятдан ағдарилди ҳамда ўлдирилди. Исёнчиларнинг барча жанговар амалиётларига ҳаводан НАТО самолётлари кўмак берган.

Top