16:08 / 23.02.2017
10345

Ўзбекистон ва Қозоғистон қайси соҳаларда ҳамкорлик қилади?

23 февраль куни Тошкент шаҳрида Қозоғистон ва Ўзбекистон дипломатлари ўртасида икки ёқлама ҳамкорлик бўйича 16-ҳукуматлараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтди. 

Тадбирда бўлган "Кун" мухбирининг хабар беришича, йиғилишда томонлар Комиссиянинг 15-йиғилиши доирасида қабул қилинган қарорлар ижроси, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, шартномавий-ҳуқуқий асосни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди. Шунингдек божхона, нефть-газ, маданий-гуманитар, атроф-муҳит муҳофазаси ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашишди. 

Комиссия мазкур йиғилишни яқин кунларда амалга ошириши кутилаётган олий даражадаги тадбирга ҳар томонлама сифатли тайёргарлик сифатида баҳолади. 

Тадбирда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик биринчи ўринда савдо-иқтисодий соҳада мустаҳкамланиб ва ривожланиб бораётгани таъкидланди. 

Қозоғистон Ўзбекистоннинг энг муҳим ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Ҳукумат вакиллари берган маълумотларга кўра, 2016 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси бироз қисқариб, 2 миллиард доллардан ошган. 

Ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида 229 та корхона ўз фаолиятини юритади, шулардан 192 таси қўшма корхона, 37 таси 100 фоиз хорижий капитал асосида ташкил топган. 

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида Қозоғистоннинг 3 та фирма ва компанияси аккредитациядан ўтган. 

Ҳукуматлараро йиғилиш якунига кўра, икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. 

Икки мамлакат ўртасидаги бундан аввалги, 15-йиғилиш 2016 йилнинг 11 мартида Остона шаҳрида бўлиб ўтган. 

Top