17:55 / 10.03.2017
6766

АПЛда февраль ойининг энг яхши мураббийи ва футболчиси аниқланди

Англия премьер-лигасининг февраль ойидаги энг яхши мураббийи номи аниқ бўлди. Премьер-лига матбуот хизмати хабарига кўра, «Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола ойнинг энг яхши мураббийи деб топилди.

Қайд этиш керакки, Гвардиола бу совринни илк марта қўлга киритмоқда.

«Манчестер Сити» ўтган ой давомида ўтказилган учта учрашувнинг барчасида ғалаба қозонди.

Ойнинг энг яхши мураббийлиги учун «Челси» бош мураббийи Антонио Конте, «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Жозе Моуриньо ва «Вест Бромвич» бош мураббийи Тони Пулис ҳам даъвогарлик қилганди.

«Тоттенҳэм» ҳужумчиси Ҳари Кейн АПЛда февраль ойининг энг яхши футболчиси деб топилди.

«Шпорлар» ҳужумчиси февралда АПЛ ўйинларида 4 голга муаллифлик қилди: бир гол «Мидлсбро» дарвозасига (1:0) ва 3 гол «Сток Сити» дарвозасига (4:0). Қайд этиш керакки январь ойининг энг яхши футболчиси унинг жамоадоги Деле Алли бўлганди.

Бу соврин учун Кейндан ташқари Жезус («Манчестер Сити»), Ромелу Лукаку («Эвертон»), Давид Сильва («Манчестер Сити»), Гарет Маколи («Вест Бромвич») ва Элден Якубович («Ҳалл») ҳам даъвогар бўлганди.

Top