Жаҳон | 16:11 / 12.03.2017
16001
1 дақиқада ўқилади

Пак Кин Хе президент саройидан чиқиб, уйига келди (фото)

Импичмент орқали лавозимидан четлатилган Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе президентлик қароргоҳини тарк этди ва уйига қайтиб келди. Бу ҳақда Yonhap агентлиги хабар берди.

Эндиликда собиқ президент кортежи маҳаллий вақт билан соат 19:17да (Тошкент вақти билан соат 15:17) Кўк саройдан чиқиб кетган.

У кўп вақт ўтмасдан Сеулнинг жанубий қисмидаги хусусий уйига келган. Унинг уйи атрофида импичментга қарши бўлган юзлаб кишилар тўпланган.

Ҳозирча у бирон баёнот бергани маълум эмас.

Эслатиб ўтамиз, 10 март куни Жанубий Корея конституциявий суди Пак Кин Хенинг импичментини тасдиқлади. Бунинг оқибатида у президентлик дахлсизлиги ва жиноий таъқибдан иммунитетни йўқотади.

Энди мамлакат прокуратураси Пак Кин Хени терговни қизиқтираётган кўплаб масалалар, хусусан, дугонаси Чхве Сун Силь билан боғлиқ коррупциявий можаро бўйича сўроққа тутиши мумкин.

Мавзуга оид