10:49 / 17.03.2017
90614

Ўзбекистоннинг йирик «саррофи» гумонланувчи сифатида қўлга олинди

Тошкент шаҳрида хорижий валютани ноқонуний харид қилиш ва сотиш амалиёти билан шуғулланувчиларга қарши ўтказилган махсус амалиёт тўғрисидаги хабарларга бирмунча ойдинлик киритувчи маълумотлар пайдо бўлди.

Фото: Тошкентда “қора бозор” саррофларига қарши махсус тадбир ташкил этилди

Унга кўра, Ўзбекистон Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК Департаментининг Олмазор тумани бўлими ходимлари томонидан Олмазор тумани, Сағбон кўчаси 2-берк кўчаси, .. - уйда уюшган гуруҳга бирлашиб, ноқонуний равишда чет эл валютаси савдоси билан шуғулланиб келаётган Ҳ.А., Ҳ.А. ва уларнинг бошқа шерикларини жиноий фаолиятига чек қўйиш мақсадида тезкор тадбир ўтказилган. Ҳ.А. ва Ҳ.А.ларнинг “Акбар” исмли жиноий шериги фуқаро Р.М.Ҳ.га 6,369 АҚШ долларини “қора бозор” курсида 7850 сўмдан ҳисоблаб, жами 50 млн сўмга сотган вақтда Департаментнинг Олмазор туман бўлими ходимлари томонидан холислар иштирокида текширув эълон қилинган.  

Маълумот учун айтиш мумкинки, Ҳ.А.А. (06.07.1976 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Ўзбекистон Республикаси фуқароси) халқ орасидаги миш-мишларга кўра, Ўзбекистон “қора бозори”даги энг йирик сарроф (валюта айирбошловчи) ҳисобланади. У шериклари Т.Ж.И. ва Ш.Ш.А. ва бошқа номаълум шахслар билан Департамент ходимларига фаол қаршилик кўрсатиб, уларнинг ҳаёти учун хавфли бўлган зўрлик ишлатишган. 

Интернетда пайдо бўлган ҳужжат суратига кўра, гумонланувчилар тадбирда ишлатилган 50 млн сўм пул ва ўзлари ноқонуний равишда сотган 6 минг 369 АҚШ долларини босқинчилик йўли билан эгаллаб олиш мақсадида Департамент ходимларини қўл ва ва оёқлари билан уриб, тепкилашиб, хонадонда бўлган турли жисмлар билан уларнинг бош, кўкрак ва танасининг турли соҳаларига кўплаб тан жароҳатлари етказишиб, жиноий фаолият натижасида қўлга киритган жуда кўп миқдордаги чет эл ва миллий валютадаги пул маблағлари билан бирга воқеа жойидан яширинишган. 

Улар, тиббий хулосага биноан, Департаментнинг Олмазор туман бўлим бошлиғи ўринбосари М.Р.О., Департаментнинг Олмазор туман бўлими инспектори Т.А.А., холис гувоҳлар Н.У.М. ва М.Ж.Рларга турли даражада оғир тан жароҳатлари етказишган.

Шу муносабат билан, 15.03.2017 йилда Олмазор туман прокурори томонидан ЖКнинг 164-моддаси 4-қисми “в” банди, 177-моддаси 3-қисми “б” банди ва 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Юқоридаги уч нафар шахс гумонланувчи сифатида ушланган. 

Кун.uz таҳририяти ушбу маълумотларнинг қанчалик тўғрилигини аниқлаш мақсадида Тошкент шаҳар прокуратураси ва Республика Бош прокуратурасига бир неча маротаба қўнғироқ қилди. Аммо, жавоб бўлмади. 

Top