12:37 / 18.03.2017
9443

Германия олтита ҳарбий самолёт учун 1 миллиард евро сарфламоқчи

Фото: Flickr

Германия ҳукумати Американинг Lockheed Martin компанияси томонидан ишлаб чиқарилган C-130J Super Hercules олтита ҳарбий-транспорт самолётини 900 млн еврога сотиб олишни режалаштирмоқда. Бу Франция билан қўшма ҳарбий-транспорт бўлинмаси ташкил этилиши доирасида амалга оширилади, деб хабар бермоқда Reuters ГФР мудофаа вазирлиги ва молия вазирлиги ҳужжатларига таяниб.

Маълумотларга кўра, Германия ва Франция келишув устида ўтган йилнинг октябрида иш бошлаган, февралда эса НАТОнинг Брюсселдаги қароргоҳида альянс давлатлари самолётлар, сувости кемалари ва бошқа турдаги қуролларни ҳарбий харажатлар соҳасидаги ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида ҳамкорликда харид қилишга келишиб олишди.

Маҳкама ҳужжатларига кўра, машиналарнинг ўзига 900 млн евро берилади. Яна 110 млн евро Lockheed Martin’га уларга хизмат кўрсатиш ва авиатренажёрлар инфратузилмасини қуриш учун тўланади.

Агентликнинг таъкидлашича, ГФР молия вазирлиги самолётларни харид қилиш бўйича мурожаатни 2019 йилда юборади. Франция эса тўртта C-130J’га буюртма берди ва ГФР билан ҳамкорликдаги бўлинма учун яна иккита самолётни харид қилишни режалаштирган. Бўлинма Франциянинг Эврё шаҳри яқинида 2021 йилдан бошлаб ўз фаолиятини олиб боради.

Top