16:59 / 21.03.2017
12850

II турдаги диабетни тўрт ойда даволаш мумкинлиги маълум бўлди

Калорияларни камайтириш ҳамда глюкоза миқдорини назоратда сақлаш ҳисобига II турдаги диабетни атиги тўрт ой ичида бартараф қилиш мумкин. Бу ҳақида янги тадқиқотлар натижасига асосланиб, Hi-News маълум қилди. 

Тадқиқот тест синовидаги ҳар бир иштирокчи учун шахсий машқлар дастурини яратиш ва калорияларни кунига 500-750 га камайтиришни ўз ичига олади. Иштирокчилар шунингдек тадқиқотнинг боришини кузатган ҳамшира ва парҳезшунослар билан мунтазам алоқада бўлишган ва қондаги қанд миқдорини назорат қилиш учун дорилар ва инсулинни қабул қилишда давом этишган. 

Атиги тўрт ой ўтгач, 40 фоиз бемор дори қабул қилишни тўхтатишга муваффақ бўлган, чунки уларнинг организми яна етарли даражада инсулин ишлаб чиқара бошлаган.

Олимларнинг сўзларига кўра, дастурнинг иш беришига инсулин ишлаб чиқарувчи ошқозон ости безига "ором бериш ва организмдаги ёғ захираларини камайтириши" сабаб бўлган, зеро бу инсулин ишлаб чиқариш ва унинг самарадорлигини яхшилайди. 

Онтариодаги МакМастер университети олими доктор Наталия Макиннес шундай дейди: "Бу тадқиқот диабетдан даволаниш парадигмасини ўзгартириши мумкин - оддий глюкоза назоратидан то ремиссия чақирувчи ёндашувгача, кейин эса касалликнинг барча белгилари бўйича  беморларни назорат қиламиз".

Кардифф университети маълумотларига кўра, Буюк Британияда II турдаги диабет билан касалланганлар сони 700 мингдан (90-йиллардаги кўрсаткич) 2,8 миллионга (бугунги кўрсаткич) кўпайган.

Диабетнинг II тури инсон организми керакли миқдорда инсулин (ҳужайраларга қондаги глюкозани тортиб олишга имкон берувчи гормон) ишлаб чиқармаган ёки ишлаб чиқарилувчи инсулин нотўғри ишлаган пайтда пайдо бўлади. Бу эса буйрак касалликлари, кўзи ожизлик, юқори фалаж ва юрак хуружи хавфини келтириб чиқариши мумкин. 

Top