08:10 / 22.03.2017
4138

Франция ички ишлар вазирлигига янги раҳбар тайинланди

Франция ички ишлар вазири Брюно Ле Ру истеъфога кетгач, унинг ўрнига 39 ёшли Маттиас Фекль вазир этиб тайинланди. Бу ҳақда Елисей саройи матбуот хизмати маълум қилди. Ушбу тайинловни Франция президент Франсуа Олланд имзолади.

"Бош вазир таклифига кўра, президент Брюно Ле Рунинг ваколатларини тугатди ва унинг ўрнига Маттиас Феклни тайинлади", деб маълум қилинди хабарда. 

Янги вазир бунгача Франциянинг ташқи савдо ва сайёҳликни ривожлантириш ишлари бўйича давлат котиби лавозимини эгаллаб келган.

Ле Ру Миллий йиғилиш депутати бўлиб ишлаб юрган кезларда мактабда ўқийдиган икки балоғатга етмаган қизини ўзи ишлайдиган жойга ишга жойлаштириб қўйгани маълум бўлгандан кейин 21 март куни истеъфога кетишга қарор қилди. Ўшанда унинг қизлари 15 ва 16 ёшда бўлганлар. 

Ле Ру Франция ички ишлар вазири лавозимини 3,5 ой олдин эгаллаганди. 

Мавзуга оид
Top