21:54 / 28.03.2017
3612

Бешкураш бўйича Ўзбекистон чемпионати қачон ўтказилиши маълум қилинди

Жорий йилнинг10февраль куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси Ўзбекистон чемпионати қачон ўтказилишини маълум қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси ахборот хизмати Кун.uz’га хабар бермоқда.

Унга кўра, замонавий бешкураш бўйича илк мусобақага 31 март куни старт берилади. Мазкур беллашувлар пойтахтнинг турли спорт саройларида ўтказилиши режалаштирилган. Хусусан, бешкурашчилар ўртасидаги қиличбозлик беллашувлари «Пахтакор» Марказий стадионининг «Ёшлик» спорт залида соат 09:00 дан 11:00 га қадар бўлиб ўтади.

Шу куннинг ўзида кейинги беллашувларни атлетлар пойтахтдаги «Ёшлик» соғломлаштириш-спорт комплекси (собиқ НБУ спорт мажмуаси)да давом эттирадилар. Режага кўра, мусобақанинг сузиш спорт тури бўйича беллашув соат 12:00дан 14:00гача, ўқ отиш ва югуриш бўйича балларни жамлаш эса 15:00-18:00гача бўлиб ўтиши кўзда тутилган.

Замонавий бешкураш бўйича Ўзбекистон чемпионатининг от спорти бўйича ўтаказиладиган беллашуви жорий йилнинг 1 апрель санасида   белгиланди. Иштирокчилар «От спорти бўйича республика олий спорт маҳорат мактаби»да соат 09:00дан бошлаб отни бўйсундириш бўйича ўз маҳоратларини намойиш этадилар. Мусобақа баҳслари якунлангач, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерациясининг фаолияти тақдимоти ва замонавий бешкураш бўйича Ўзбекистон чемпионатининг очилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтади. Унда илк мусобақада ғолибликни қўлга киритган спортчилар муносиб тақдирланадилар.  

Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси мамлакатдаги спорт ишқибозлари ва ОАВлари вакилларини қизғин ва муросасиз ўтиши кутилаётган мазкур беллашувларни томоша қилишга таклиф этади. Мусобақани томоша қилиш бепул.

Top