20:20 / 07.04.2017
5187

"Формула-1" пойгасининг Малайзия Гран-приси ўтказилмайдиган бўлди

"Формула-1" пойгаси раҳбарияти ва Малайзиядаги "Сепанг" автодроми 2018 йилдан бошлаб Малайзия Гран-приси ўтказилмаслигига қарор қилди. Малайзияда жорий йилда ўтадиган пойга ушбу давлатдаги охиргиси бўлади. Бу ҳақда пойга сериясининг расмий сайтида маълум қилинди.

"Формула-1 оиласи аъзоларидан бири билан айрилиш доимо қайғули. "Формула-1"нинг малайзиялик фанатлари деярли 20 йил улар энг эҳтиросли мухлислардан бирлари эканликларини исботлаб келишган", деб айтди чемпионатнинг бошқарувчи директори Шон Брэтчес.

Малайзия Гран-приси илк бор 1999 йилда ўтказилган. Ўшанда узунлиги 5,543 километрни (15 та бурилиш) ташкил этувчи "Сепанг" трассасидаги пойгани Ferrari пойгачиси Эдди Ирвайн ютганди.

Малайзия Гран-присида энг кўп ғалабани Себастьян Феттель қўлга киритган: у бу босқични 3 марта Red Bull болидида ва бир марта Ferrari болидида ютган. Шунингдек, ушбу трассада Михаэл Шумахер ва Фернандо Алонсо 3 мартадан ғолиб бўлишган.

"Сепанг" автодромида "Формула-1"дан ташқари, MotorGP мотоцикл чемпионатининг босқичи ўтказилади.

Top