Жаҳон | 10:50 / 10.04.2017
8191
2 дақиқада ўқилади

Кашмирдаги тартибсизликларда қурбон бўлганлар сони 8 кишига етди

Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатида бўлиб ўтган қўшимча сайловлар чоғида юз берган тартибсизликларда қурбон бўлганлар сони 8 нафар кишини ташкил этмоқда. 150дан ортиқ одам жабрланган, деб хабар қилмоқда Times of India нашри.

Бундан аввал, 6 кишининг ҳаётдан кўз юмгани айтилган эди. Жабрланганлар орасида намойишчилар ва тартибни сақлаш кучлари вакиллари ҳам бор. 

Парламентнинг қуйи палатасига ўтказилган сайловларга норозилик акцияси овоз бериш кунигача ҳам бўлиб ўтаётган эди. 9 апрель куни Шринагар сайлов округида овоз бериш ўтказилаётганда Будғом округининг турли туманлари ҳамда штатнинг энг қизиққон шаҳри Шринагарда намойишчилар ва тартибни сақлаш кучлари ўртасида тўқнашувлар содир бўлган. Намойишчилар бир нечта овоз бериш участкаларини ҳужум билан эгаллаб олишган, улар овоз бериш электрон машиналарини синдиришган. 

Намойишлар ортида турган айирмачилар, ҳалок бўлганлар борлиги сабаб 10 апрелда ҳам намойишларни давом эттиришга чақиришди. Уларнинг бойкоти туфайли Шринагар округи сўнгги 30 йилдаги энг паст натижани кўрсатди. Сайловчиларнинг атиги 7 фоизи қатнашган. 

Мамлакатнинг бошқа штатларидаги сайловлаар ҳам нотинч вазиятда ўтган. Жумладан, Мадхия-Прадеш ва Тамилнад штатларидаги сайловларда ҳам тартибсизликлар ва сиёсий кучлар ўртасида тўқнашувлар бўлгани хабар қилинмоқда. 

Мавзуга оид