Марсга парвоз — борсакелмас томон чиптами?
Илон Маск инсониятни Марсга жўнатмоқчи. Боз устига, бу ишни у кўнгилли сифатида амалга оширмоқчи эмас, шу сабабли Қизил сайёрага бориш истагида бўлганлар ўз пулларини, тўғрироғи, юз минглаб долларларини тайёрлаб қўйишлари зарур. SpaceX компаниясининг сўнгги муваффақиятли лойиҳаси ракетасозлик тарихида илк марта илгари фойдаланилган ракета элтувчи палласини учириш ва қўндириш бўлди, шу сабабли "космик энтузиастлар" — улар миллиардерлар албатта — бундай янгиликлардан сўнг фаоллашиб, борсакелмас томонларга пешона тери билан топган пулларини йиғишга киришиб кетишганидан ҳайрон бўлмаслик керак.
"Умид қиламанки, сизлар аллақачон Марс томон чипталар ҳақида бош қотираяпсизлар", — деган ё ҳазил ё чин оҳангида SpaceX компанияси президенти Гвинн Шотвелл Коларадо-Спринсда ҳар йили ўтадиган 33-Космик симпозиумда, деб ёзади Inverse портали.
"Кўп марта фойдаланиш — бу чиндан ҳам бағоят қизиқ имконият, шу сабабли бу технологияни барчаларингизга қўллашни тавсия этаман", — деган Шотвелл хоним.
Маск илк бор Марсга чипталар ҳақида 2016 йилнинг сентябрида, Мексикада ўтган 67-халқаро астронавтика анжуманида сўзлаган эди. SpaceX раҳбари бундай саёҳат бир инсонга 200 минг АҚШ долларига тушишини таъкидлаганди. Шу учрашув мобайнида у инсониятни сайёралараро турга айлантириш борасидаги режалари билан ўртоқлашган. Бу режани амалга ошириш фақат кўп марта фойдаланиладиган ракеталар ишлатила бошланганида мумкин бўлади. Бу нафақат ишга жалб қилинган лойиҳалар қийматининг пасайишига, уларни тайёрлашга кетган вақтнинг қисқаришига ҳам олиб келади, буларнинг бари ижобий томонга хизмат қилади, жумладан, Марс сайёҳлари учун чипталар нархининг арзонлашишига ҳам.
Бироқ кўп марта фойдаланиладиган ракеталар ясалганидан кейин ҳам бундай парвозларнинг нархи 200 минг доллардан анча кўп бўлиши турган гап. Бундай фикрни Мичиган университети аэрокосмик технологиялар кафедраси профессори Элла Аткинс ҳам тасдиқламоқда. Боз устига, гап фақат Марсга парвоз ҳақида келтмаяпти, харажат у сайёрага қўниш ва уйга қайтишни ҳам қамраб олган.
"Шунчаки, ракеталар ва гравитация хусусиятларининг базавий таҳлилидан келиб чиқилса ва парвоз қилган инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун нималарни олиш зарурлиги борасидаги оддий ҳисоб-китоблар... буларнинг бариси 200 минг доллар? Жуда баландпарвоз эмасми?" — дея ўз гапларини шарҳлаган Аткинс.
"Бироқ бу ишда, компания Марсга парвоз бир неча миллион доллар туришини эълон қилганида ҳам, сиёсат ва инсонлар томонидан компаниянинг қўллаб-қувватланиш даражаси катта аҳамиятга эга".
Эълон қилинган 200 минг доллар маблағ — борингки, алал-оқибатда у бир неча баробар катта бўлиб чиққан тақдирида ҳам — инсонларга умид ҳиссини тақдим этади. Аткинснинг фикрича, бу ҳолда Марсга учишни истовчи айрим энтузиастлар 20–30 йил ичида керакли маблағни йиға олишларига ишонишади.
"Ўйлашимча, SpaceX ҳозир ўзи учун энг керакли нарсани — Америка халқининг ишончини қозониш йўлидан бормоқда. Бундан ташқари, шу йўл билан улар Конгрессга бироз босим ўтказиб, SpaceX, Blue Origin ва бошқа компанияларни қўллаб-қувватланишига эришмоқчи. Агар улар: "Ҳа, Марсга учиш ҳаммабоп эмас, фақат миллиардерлар учун", — дейишса, бу лойиҳа Конгресс томонидан ҳам, пулларидан воз кечишга тайёр миллиардерлар томонидан ҳам қўллаб-қувватланмайди".
Аткинс хоним яна шуни қайд этадики, Марсга саёҳат давомида 200 минг доллардан ҳам қимматроқ нарса ўртага тикилган бўлади — инсон ҳаёти.
"Космик саёҳат давомида нобуд бўлишнинг эҳтимоли жуда юқори. Бу эҳтимолликнинг баландлиги даражаси нақадар эканлигини инсонлар ўйлаб ҳам кўришмаяпти", — дейди у.
Тан олиш керак, Маск ўз тарафдорларини "орзулари учун жонини қурбон қилишга ҳам тайёр бўлиш" ҳақида огоҳлантирган эди, айниқса, бундай миссия ҳеч қачон амалга оширилмагани инобатга олинса.
"Ҳалок бўлиш эҳтимоли жуда юқори. Ҳозироқ ва шу ерда жавоб беришингиз лозим бўлган вазият шундай: сиз чиндан ҳам ўлимга тайёрмисиз? Агар сиз рози бўлсангиз, ўзингизни қўрқмасдан номзодлар сафига ёздиришингиз мумкин. Бундай миссиянинг илк парвозида ҳалок бўлиш эҳтимоли чиндан ҳам жуда юқори", — деган Маск ўтган йилнинг сентябрида Мексикадаги чиқишида.
"Аполлон-13" ёки "Колумбия"да юз бергани сингари кутилмаган носозлик эҳтимоли инобатга олинмаган тақдирда ҳам Марсга учаётган илк сайёҳларнинг нафақат саломатлиги, балки ҳаётига ҳам дахл қилувчи кўплаб омиллар мавжуд. Нафақат сайёрагача бўладиган бир йиллик парвоз давомида, балким унга қўнаётганда ва қўниб бўлгандан сўнг, бу омилларга қандайдир чидаш керак бўлади — уддалаш сўзи бу ерда асло ўринли эмас. Илгарироқ, NASA астронавтлари, эгизаклар Марк ва Скотт Келли устидан ўтказилган тиббий тадқиқотлар шуни кўрсатдики, халқаро космик станция бортида бир йил яшаган Скотт организми ишида жиддий ўзгаришлар, жумладан, генетик даражада рўй берган.
Яқинда ўтказилган бошқа бир тадқиқот доирасида сенсор сезги, ҳиссиётлар ва бошқа муҳим функциялар учун жавоб берувчи бош миянинг кулранг моддаси миқдори космосга чиқиб қайтган инсонларда парвознинг давомийлигидан қатъи назар, турли нисбатларда камаяр экан. Олимлар ҳозирча қандай таъсир инсон организмидаги бундай ўзгаришларга сабаб бўлишини аниқлаш устида бош қотирмоқдалар. Ҳозиргача олимлар микрогравитация шароитида (шунингдек, космик нурланиш таъсири остида) бўлиш суяк ва мушак массаларининг камайиши, кўз нурининг ёмонлашишига олиб келишини ҳам аниқлаб бўлишган.
Ҳозирча SpaceX томонидан Марсга саёҳат — борсакелмас томонларга йўл бўлиши ёки камида саломатлик учун жиддий оқибатларни келтириб чиқаришини тушунтириш учун космик сайёҳларни тайёрлаш (ўзи бундай тайёргарлик ўтказилармикан?) қай тарзда амалга оширилиши ноаниқ бўлиб турибди. Бироқ Маск аввалроқ бошдан-бош унинг ғояси ақл бовар қилмайдиган ғоя бўлганини таъкидлаб, "Ер орбитасида узоқ вақт бўлиш Марс юзасида бўлишдан ҳам хатарлироқ" эканлигини қўшимча қилган эди.
"Астронавтлар буни қилишга нафақат мажбур. Улар шу иш билан шуғулланишни ўзлари исташади, чунки улар — бу вазиятдаги хавф-хатар тўла ўзини оқлайди, деб биладиган тадқиқочилар ҳисобланишади", — дейди Аткинс.
"Бироқ гап биринчи навбатда уйига соғ-саломат қайтишни истайдиган, "кўча"дан йиғиб олинган одамлар ҳақида борар экан, менимча, бу масалага реализм нуқтаи назаридан ёндашиш керак бўлади. Чунки, уйга қайтиш учун имконият кам бўлади. Жуда кам бўлади".
Барчамиз биламизки, космос — жуда хавфли муҳит. Қанчалик зўр ясалган бўлмасин, ҳаттоки оддий бир темир бўлагини учириш ҳам муаммоли ва ўта мураккаб масала. Агар кимдир Марсгача парвоз қилиш учун ақл бовар қилмайдиган пул сарфламоқчи бўлса, унга оқ йўл. Шунчаки, бу вазиятда шуни тўғри англаш керакки, бу саёҳат давомида ўртага сизнинг пулингиз эмас, жонингиз тикилган бўлади.
"У ерга учишни жуда-жуда-жуда хоҳлайдиган инсон ҳар доим ҳам топилади. Бироқ инсонлар ўзи учун ростгўй бўлиб, бу иш нима билан тугашини ҳам англаб кўрмоғи лозим", — дея ўз сўзларини якунлайди Аткинс.
Мавзуга оид
12:59 / 18.12.2024
Олимлар Марсда сув топиш эҳтимолини баҳолади
22:21 / 17.12.2024
SpaceX ракетаси янги авлод GPS сунъий йўлдошини орбитага олиб чиқди
20:07 / 16.12.2024
WSJ: Илон Маск ўз компанияси АҚШ ҳарбийлари ва разведка топшириғи билан космосга нималар жўнатаётганини билмайди
22:55 / 11.12.2024