22:54 / 12.04.2017
5232

БМТ: Яман аҳолисининг 82 фоизи гуманитар ёрдамга муҳтож

Фото: AP

БМТ Яманда дарҳол қамални бекор қилиш ва мамлакатга гуманитар ёрдам киритиш имконини яратишга чақирмоқда. Ташкилотнинг инсон ҳуқуқлари ва халқаро санкциялар бўйича махсус маърузачиси Идрисс Жазарийнинг баёнотида шу ҳақида маълум қилинди. 

"Урушлардан чарчаган Яман қамали гуманитар фожиа билан курашиш учун дарҳол бекор қилиниши зарур, ҳозирда у ерда миллионлаб одамлар оч-наҳор... Яманга тижорат ва гуманитар юкларининг асоссиз қўйилмаслиги, шунингдек уларни мамлакат ичида тарқатишда юзага келадиган тўсиқлар узоқ вақт давомида урушдан азият чекаётган миллатни йўқ қилмоқда", - деди у.

БМТ маълумотларига кўра, Яманда 21 миллиондан зиёд киши гуманитар ёрдамга муҳтож, бу аҳолининг тахминан 82 фоизини ташкил қилади. Шундан 7 миллиони очликдан азоб чекмоқда.

Жазарийнинг таъкидлашича, 2015 йилдан буён Саудия Арабистони коалицияси томонидан бошқарилувчи жангарилар томонидан киритилган ҳаво ва денгиз қамали мамлакатдаги "гуманитар фожианинг асосий сабабларидан бири ҳисобланади" ва "халқаро қонунчиликка кўра, ноқонуний бир томонлама мажбурий чора сифатида баҳоланиши мумкин". 

БМТ махсус маърузачисига кўра, коалиция жангарилари томонидан Яманни қамал қилиш "инсон ҳуқуқларига оид қонунчиликнинг асосий меъёрлари, шунингдек уруш олиб бориш қоидаларини жиддий бузиш" ҳисобланади ва бу жавобсиз қолмаслиги керак.

"Мен зиддиятнинг барча томонларини яшаш, озиқ-овқат ва муносиб шарт-шароитлар учун асосий ҳуқуқларга риоя қилиш ҳамда Ходайда портига айниқса гуманитар юкларнинг тўсиқсиз киришини тиклаб, можароларни музокаралар йўли билан ҳал қилишга чақираман", - деди Идрисс Жазарий.

Top