17:51 / 18.04.2017
25975

Тошкентда уруш фахрийларига автомобиллар топширилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 4 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони ҳамда «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ иккинчи жаҳон уруши фахрийларига GM Uzbekistan қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган ҳар қандай турдаги автомашиналарни бир марталик навбатсиз олиш имконияти тақдим этилган.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари мазкур имкониятдан бир марта фойдаланишлари мумкин бўлади. Уруш фахрийсига, ўзига ёки яқинлари, қариндош-уруғлари ёхуд невараларидан истаганига бир марта бир дона автомобилни навбатсиз харид қилишга рухсат берувчи сертификатлар топширилади. 

Тошкент шаҳри ҳокимияти матбуот хизмати хабарига кўра, бир неча кун аввал Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган 300 нафарга яқин Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийларига енгил автомобилларни имтиёзли харид қилишга оид сертификатлар тантанали равишда топширилганди.

Жумладан, 17 апрель куни меҳнат ва уруш фахрийлари - Учтепа тумани, Бешқайроғоч кўчаси, 55/1 уйда истиқомат қилиб келаётган 94 ёшли Ҳикмат ота Убайдуллаевга "Дамас", Шайхонтоҳур тумани, Улуғбек кўчаси, 65 уйда истиқомат қилувчи 98 ёшли Камол ота Туроповга "Ласетти", 18 апрель куни Яккасарой тумани, Ҳ.Сулаймонов кўчаси, 1а уйда истиқомат қилувчи 92 ёшли Назар Степанович Назарянга "Ласетти", Шайхонтоҳур тумани, М.Қориёқубов 2-тор кўчаси, 3 уйда истиқомат қилувчи 93 ёшли Абдувоҳид ота Тўлагановга "Дамас" русумли енгил автомобиллар тантанали равишда топширилган.

Фахрийларга имтиёзли енгил автомобиллар топшириш маросимида Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосарлари, туман ҳокимлари, "Нуроний" жамғармасининг Тошкент шаҳар кенгаши ва "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар бўлимлари раҳбарлари ҳамда маҳалла раислари иштирок этмоқда.

Top