Жаҳон | 11:46 / 22.04.2017
4939
1 дақиқада ўқилади

Куба ва Марокаш 37 йилдан кейин дипломатик алоқаларни тиклашди

Куба ва Марокаш 37 йил аввал узилган дипломатик алоқаларни тиклашди. 21 апрель куни тегишли келишувни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Кубанинг БМТдаги доимий ваколатхонасида келишув остига икки давлат вакиллари Анаянси Родригес Камехо ва Умар Ҳилол имзо қўйишди.

ТАСС ахборот агентлигининг ёзишича, икки давлат ҳукумати "сиёсат, иқтисодиёт ва маданият соҳаларидаги алоқаларни дўстлик ва ҳамкорлик асосида ривожлантиришга ўзаро истакдан келиб чиқиб" алоқаларни тиклашга киришишди.  

Апрель бошида Марокаш қироли Муҳаммад VI Озодлик оролига ташриф буюрганди.

Марокаш қироллиги Куба Ғарбий Сахара мустақиллиги учун курашган ПОЛИСАРИО фронти томонидан 1976 йилда эълон қилинган Сахара араб демократик республикасини тан олгандан кейин Кубадаги элчихонасини ёпганди. Марокаш  Ғарбий Сахарани ўзининг ажралмас қисми деб ҳисоблаб келади ва унга қироллик таркибида кенг мухторият тақдим қилишгагина йўл қўяди.      

Мавзуга оид