00:46 / 25.04.2017
7287

Марселдаги сайлов участкасида ноодатий ҳолат юз берди

Франциянинг Марсель шаҳридаги сайлов участкаларидан бирининг бошлиғи овоз бериш бюллетенларини ўзи билан уйига олиб кетди. Воқеа Франция президенти сайловларининг 1-босқичи якунлангандан кейин юз берган.

Сайловчилар сайлов участкасини тарк этганларидан кейин сайлов участкаси бошлиғи бюллетенларни йиғиштириб, уларни ўзи билан олиб кетган, деб хабар бермоқда LeParisien нашри.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари эркакнинг уйига келиб, унга хатоси ҳақида маълум қилишган.  

Ушбу ноодатий ҳолат туфайли Марселда сайлов натижаларини тақдим қилиш бир оз ушланган.

Бу орада президентлик сайловларининг якуний натижалари эълон қилинди. Унга кўра, Эмманюэль Макрон 24,01 фоиз овоз, Марин Ле Пен 21,3 фоиз овоз тўплаган.

3-ўринни Франсуа Фийон (20,01 фоиз), 4-ўринни Жан-Люк Меланшон (19,58 фоиз) ва 5-ўринни Бенуа Амон (6,36) эгаллаганлар.

Шу тариқа сайловларнинг 7 май куни ўтадиган 2-босқичида Макрон ва Ле Пен учрашадилар. Айнан улар 3 май куни ўтадиган теледебатларда иштирок этадилар.

Top