21:50 / 04.05.2017
4313

Facebook'нинг ойлик аудиторияси 2 миллиардга яқинлашди

Фото: Reuters

Facebook фойдаланувчилари сони 17 фоизга ўсиб, 1,94 миллиард кишини ташкил қилди. Улардан 1,3 миллиард нафари Facebook'га ҳар куни киради. Ижтимоий тармоқнинг 2017 йил биринчи чораги ҳисоботида шу ҳақида маълум қилинди. 

Бир йил аввал, 2016 йилнинг I чорагида Facebook'нинг ойлик аудиторияси 1,65 миллиард, кунлик аудиторияси эса 1,09 миллиард фойдаланувчидан иборат бўлган. 2016 йил охирида уларнинг сони 1,86 (ойлик) ва 1,23 миллиард (кунлик) бўлган.

2017 йилнинг январь-март ойларида Facebook даромади ўтган йилнинг шу даврдаги кўрсаткичларига нисбатан 49 фоизга ўсган ва 8,03 миллиард долларни ташкил қилган. Компаниянинг ҳисобот давридаги соф даромади 76 фоизга ошиб, 3,06 миллиард долларни ташкил қилган.

Биринчи чорак якунларига кўра, Facebook'нинг рекламадан тушган даромади 51 фоизга ўсган ва 7,9 миллиард долларни ташкил қилган. Мобил реклама даромадлари улуши 82 фоиздан 85 фоизга ошган ва 6,7 миллиард долларни ташкил қилган.

Компаниянинг харажатлари 40 фоизга ўсган ва 4,7 миллиард долларга етган. Facebook ходимлари сони 38 фоизга ошган - 18,7 минг киши.

Facebook молиявий директори Дэвид Венернинг сўзларига кўра, 2017 йил давомида реклама даромади ўсиши секинлашади, компания харажатлари эса ошади. Бунга унинг бир қатор "ижтимоий фойдали ташаббуслар"ни режалаштиргани сабаб қилиб кўрсатилган.

Top