11:58 / 14.05.2017
5942

Хитой форум вақтида ҳамкорлик бўйича бир қатор ҳужжатлар имзолашни истамоқда

Хитой Пекиндаги форум вақтида 30дан ортиқ мамлакатлар билан савдо ва бизнес келишувлари тузишни режалаштирган. Бу ҳақда ХХР раиси Си Жинпинг «Бир макон, бир йўл» очилиши маросими вақтида айтиб ўтди.

«Форум давомида Хитой 30дан ортиқ давлатлар билан савдо ва бизнесдаги ҳамкорлик бўйича келишувлар тузмоқчи. Шунингдек, маълум давлатларда эркин иқтисодий ҳудудлар ташкил этиш бўйича маслаҳатлашувлар бошланади», деган хитойликлар раҳбари.

Бугун Хитой пойтахти Пекин шаҳрида халқаро ҳамкорлик бўйича «Бир макон, бир йўл» стратегияси доирасидаги олий даражадаги форум очилди. Унда дунёнинг 29 мамлакат раҳбарлари иштирок этмоқда.

Форум концепцияси илк бор ХХР раиси Си Жинпинг 2013 йилнинг кузида Марказий Осиё давлатлари ва Индонезияга ташриф буюрганда очиқланган эди. «Бир макон, бир йўл»ни барпо этиш Хитойнинг янги ҳукумати олдига қўйилган муҳим масалалар рўйхатига киритилган эди. Ўшанда ХХР ташқи ишлар вазири Ванг Йи бу ташаббусни амалга ошириш 2015 йилда ХХР ташқи сиёсий фаолиятининг «фокуси»га айланиши айтиб ўтган эди.

Хитой томонидан илгари сурилаётган ушбу ташаббуснинг моҳияти — Хитой иштирокидаги мавжуд минтақавий икки томонлама ва кўптомонлама механизмлар ва ўзаро таъсир структураларини мустаҳкамлаган ҳолда, халқаро ҳамкорлик ва тараққиётнинг янги моделини излаб топиш, шакллантириш ва илгари суришни назарда тутади. Қадимий Ипак йўли руҳиятини ривожлантириш ва давом эттириш асносида «Бир макон, бир йўл» минтақавий иқтисодий ҳамкорликнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш, жалб этилган давлатларнинг иқтисодий равнақ топишини рағбатлантириш, турли цивилизациялар ўртасидаги турли соҳалардаги маданий айрибошлаш ва алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, тинчлик ва барқарор ривожланишга кўмаклашиш ётади.

Хитойнинг расмий маълумотларига кўра, «Бир макон, бир йўл» ривожланаётган давлатлар, жумладан, янги иқтисодиётлар ва ривожланган давлатлардан иборат Евроосиё материгининг катта қисмини қамраб олади. Мегалойиҳа ҳудудида жуда бой ресурслар захиралари бор, бу ерда Ер куррасининг 63 фоиз аҳолиси истиқомат қилади, тахмин қилинаётган иқтисодий миқёс эса 21 триллион АҚШ долларига тенг.

Мавзу
«Бир макон, бир йўл» форуми
14-15 май кунлари Пекин шаҳрида «Бир макон, бир йўл» халқаро форуми бўлиб ўтади. Унда 28 давлат раҳбарлари иштирок этмоқда.
Барчаси
Top