Жаҳон | 17:11 / 16.05.2017
20165
3 дақиқада ўқилади

«Ҳиндистон қандай жавоб кутмоқда?» — Хитойнинг муносабати

Фото: Globallookpress.com

Хитой-Покистон иқтисодий йўлаги ташкил этилиши Хитойнинг Кашмир масаласидаги позициясини англатмайди. Бу ҳақда Хитой ТИВ расмий вакили Хуа Чуньин Ҳиндистон Пекиндаги «Бир макон, бир йўл» халқаро форумида иштирок этмасликка қарор қилганига муносабатини билдира туриб айтиб ўтди.

Ҳиндистон томони Нью-Деҳли ва Исломобод ўртасида баҳс мавзусига айланган ва Пекин таклиф этаётган лойиҳанинг бир қисми бўлган Гилгит-Балтистон ҳудудидан ўтувчи Хитой—Покистон иқтисодий йўлагига қарши экани туфайли форумда иштирок этишдан бош тортганди. Бу ҳудуд тарихан Кашмир таркибида бўлган, айни вақтда Покистон таркибида ҳисобланади, Ҳиндистон эса уни ўз ҳудуди деб ҳисоблайди.

«Раис Си Жинпинг форум вақтида «Бир макон, бир йўл» ташаббуси - тинчлик ва қурилиш йўли эканини таъкидлади. Барча давлатлар бир-бирининг суверенитети ҳамда ҳудудий яхлитлигини  ҳурмат қилиши, шунингдек, манфаатларини ҳамда ташвишларини ҳисобга олади», деган Хуа Чуньин. У Хитой Ҳиндистонни Кашмир масаласида нималар ташвишлантиришини яхши тушунишини қайд этган.

«Бирлаштирувчи лойиҳалар суверенитет ва ҳудудий яхлитлик ҳурмат қилинган ҳолда амалга оширилиши лозим. Ҳеч бир мамлакат улар инкор этилган лойиҳаларда иштирок этишга қўшилмайди», — дея таъкидлаганди Ҳиндистон ТИВ вакили.

Ҳиндистон «Бир макон, бир йўл» форумини бойкот қилди

Хитой ТИВ вакили қайд этишича, бу лойиҳанинг амалга оширилиши Пекиннинг Кашмир масаласидаги позициясини англатмайди.

«Хитой-Покистон иқтисодий йўлаги «Бир макон, бир йўл» лойиҳасининг муҳим қисми ҳисобланади. Шу билан биргаликда бу лойиҳа Хитойнинг Кашмир масаласидаги позицияси ифодаси эмас. Ҳиндистоннинг «Бир макон, бир йўл» форумига келмаганини тўғри тушунамиз. Хитой томони Ҳиндистоннинг танловини ҳурмат қилади», деган у.

Хуа Чуньин шунингдек, Ҳиндистон ТИВ вакилининг Пекинни тенг мулоқотга чақиришига муносабат билдирган.

Хитой раҳбари Си Жинпинг «Давлатлар бир-бирининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, ижтимоий тараққиёт йўли, туб манфаатлари ва ташвишларини ҳурмат қилиши зарур»лигини маълум қилган.

«Ҳиндистон томони «маъноли» мулоқот ўтказилишига умид билдирган, улар Хитой томонидан ижобий жавоб кутишмоқда. Хитой Ҳиндистон ТИВ вакилининг бу баёнотини тушунмади. Ҳиндистон қандай ижобий реакция кутмоқда?», деган хитойликлар расмийси. У Хитой Ҳиндистон «Бир макон, бир йўл» ташаббусига қўшилишини ҳар қачон ҳам яхши қарши олишини қўшимча қилиб ўтган.

Мавзуга оид