17:09 / 19.05.2017
57993

Болалар боғчасидаги «йиға-йиғ»да ким айбдор: Ота-онами ёки тарбиячими ва молия бўлими?

Иллюстратив фото

18 май куни Кун.uz сайтида «Ўқитувчидан то ота-онагача: мактабларда «йиғди-йиғди» эраси қачон тугайди?» сарлавҳаси остида республика мактабларида авж олган муаммо ҳақида, ўқувчиларнинг ота-оналаридан турли важлар билан пул йиғилаётгани ҳақида мақола эълон қилинган эди.

Бугун мактабгача таълим муассасалари — болалар боғчасида ҳам вазият шунга ўхшаш, ҳаттоки мактабдагидан бадтарроқ эканлиги ҳақида тўхталмоқчимиз. Зеро, мактабда болаларнинг ўқиши учун ота-оналар томонидан пул берилмайди. Боғчага эса фарзандлар тарбияси учун ойма-ой пул тўлаб борилади.

Бир неча кун илгари «Facebook» ижтимоий тармоғида 154 мингга яқин фойдаланувчини бирлаштирган «Потребитель.уз» жамоатчилик гуруҳида ушбу сурат қўйилган эди:

Фото: Facebook/Потрибитель.уз

Унга кўра, боласини Чилонзор туманидаги 89-мактабгача таълим муассасаси (болалар боғчасига) жойлаштирган ота Руслан Абдуллаев ўқувчиларга қарата: «Сиз ҳам шундай рўйхат олдингизми?», «Бунинг нега кераги бор?» деб савол ташлайди.

Рўйхатга кўра гўдакнинг ота-онасидан 2 қути кир ювуш кукуни, 2та кир совун, суюқ совун, «Чистол», идиш-товоқ ювиш учун гель, резина қўлқоп, идиш артиш учун рангли латта, дераза ойнасини тозалаш учун «Дельфин» тозалаш воситаси, 1 ўрам ҳожатхона қоғози, юз ва қўл артиш учун 2та сочиқ, ҳавони янгиловчи восита, «Lego» ўйинчоғи, арқон (!), копток, эртак ва шеър китоблар, саватча ва 100 дона А4 форматдаги оқ қоғоз талаб қилинган.

Унга қўшимча равишда душанба кунгача 10та гул кўчат ёки тувакда гул келтириш талаби юкланган.

Умуман олганда, мактабда ва боғчаларда турли важ-корсонлар билан пул йиғиш одатий ҳолга, айтиш мумкинки, таълим муассасалари ҳаётининг муҳим бир бўлагига айланиб қолгани ташвишланарли ҳолдир. Айрим ота-оналар томонидан бу ҳолатга нисбатан эътирозлар пайдо бўлаётганини ҳам тўғри тушунмоқ керак. Гарчи йиғилаётган пулларнинг суммаси катта эмас, оила бюджетига айтарли таъсир ўтказмайдиган, аксарият учун уларни мунтазам тўлаб бориш қийин бўлмаса-да, бу ҳолатнинг ўзи нотўғри, ғайриқонуний эканлигилиги ҳар биримиз англаб етмоғимиз керак. 

Кеча эълон қилинган мақолада қуйидаги фикрлар билдирилган эди, баҳонада уни яна бир карра эсга олиб ўтсак ёмон бўлмас эди: «Умуман олганда таълим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш, жиҳозлаш ишлари давлат бюджети маблағлари асосида амалга оширилади. Халқ таълими вазирлигининг 2017 йил 28 апрелдаги №135-сонли буйруғига кўра, таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш борасида ўқувчи ва уларнинг ота-оналаридан пул маблағларини йиғиш ҚАТЪИЯН ТАҚИҚЛАНАДИ! Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2012 йил 3 июлда 2377-сон билан рўйхатга олинган Халқ таълими муассасасининг Васийлик кенгаши тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқ, ота-оналар ихтиёрий равишда васийлик кенгаши қарори билан таълим муассасасининг моддий-техника базасини ривожлантириш, унинг биносини таъмирлаш ва ҳудудини ободонлаштиришга кўмаклашишлари мумкин, деб белгиланган. Ҳомийлик ёрдами фақатгина ихтиёрий равишда амалга оширилиши мумкин».

Албатта, ихтиёрий ҳомийлик ёрдамини ҳеч кимнинг ман этишга ҳаққи йўқ. Лекин бу кўмак чиндан ҳам ихтиёрий равишда кўрсатилиши керак. Ҳомийлик кўрсатилаётган таълим муассасаси ўзи муҳтож бўлган нарсаларнинг жами сони ёки маблағнинг умумий суммасини кўрсатса, ҳар ким ўз қурбига қараб ёрдам қилса — бошқа гап. Лекин ҳар бир ўқувчи ёки тарбияланувчи бошига тенг тақсимлаб, уларнинг қўлига рўйхат ёзиб бериш — бу мажбурлаш белгиси. Бунинг жавобгарлиги ҳам борлигини унутмаслик керак.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиз — Руслан Абдуллаев томонидан «Facebook»га жойлаштирган пост остида фойдаланувчилар мавзу юзасида қизғин муносабат билдиришди. Ўқиб чиқишингиз мумкин: фикрлар турли хил. Бундай тарбиячиларни порахўрга менгзаётганлар ҳам бор, уларни тўғри тушуниш кераклиги, давлат томонидан етарли таъминланмаётгани туфайли ушбу вазият юзага келганини ҳам таъкидловчилар бўлган. Айримлар тарбиячиларнинг тарафини ҳам олган. Лекин аксарият ҳолларда Руслан Абдуллаев томонидан қўйилган саволнинг биринчисига ижобий жавоб берилган — йиға-йиғ деярли ҳамма мактабгача таълим муассасасида бор. Ҳаттоки Россияда ҳам бор экан.

Фикрларнинг энг эътиборга моликларини маъносини бузмаган ҳолда, таҳрирлаб келтиришга жазм қилдик:

Даврон Халиков: Болалар боғчаси ходимларидан бирининг уйида гигиена воситалари тугаб қолганга ўхшайди.

Анастасия Полшкова: Бу ҳали ҳеч нарса эмас экан, бизга берилган рўйхатда гуллар учун туваклар, резина ўйинчоқлар, медпункт учун дори-дармонлар ҳам бор эди.

Даврон Халиков: Сизнинг бу боғчангиз қаердалигини билмадимку-я, лекин мен ўғлимни Чилонзор-24 даги болалар боғчасига топшираётганимда, туман халқ таълими бўлимига бориб, йўлланма олиб келишни буюришди, холос. Бланка учун 15 минг сўм тўладим, йўлланмани эртага келиб ўтирмасдан ҳозироқ олиб кетишим учун қизларга шоколад ҳам обердим. Болалар боғчаси мудираси Марина Спартаковнага «бизга яна нима хизмат?» деганимда у киши хафа бўлди. Мен турли болалар боғчаларида нималарнидир талаб қилишларини эшитгандим, бу ерда ҳам шунақа бўлса керак, деб ўйлаган эдим. У жуда яхши инсон экан, ҳар қандай болалар боғчаси 70-75 фоизгагина тўлади ва бўш ўрин доимо бўлади, деб айтди. Одамларнинг ўзлари мудираларни нимадир олишга ўргатиб қўйишган, мана олишмоқда...

Рафқат Шораҳматов: Энг очкўз ва нафси ўпқон аёллар айнан болалар боғчаларида ишлашади. Уларга нима берсанг кам. Ҳеч қачон тўйишмайди. Фақат боғчадан уйига нарса ташишади. Худдики, мамлакатда очлик ҳукм сураётгандек. Инсонийлик юзини йўқотиб бўлишган. Бугун боғчаларга фақат ёшларни қабул қилиш керак.

Надежда Корбмахер: Менинг қизим 2009 йилда болалар боғчасига борган эди ва мана шу рўйхатдаги нарсаларнинг ҳаммасини ҳар йили тайёрлаб, олиб бориб берар эдик.

Стася Шангареева: Барча болалар боғчаларида мана шундай рўйхат бор. Бир йилда бир марта олиб борилади. Ахир бу ўз болаларимиз учун-ку?! Ишонинг, ҳамма ота-она ҳам обермайди бу нарсаларни. Уларнинг болалари бошқалар олиб берган нарсалардан фойдаланишади.

Гулноза Султонова: Биз фақат канцелярия моллари, бир ой олдин эса биттагина китоб топширдик ва бўлди. Фонд учун ҳаммаси. Демак, бизнинг боғчамиздаги аҳвол бошқаларникидан яхшироқ экан.

Наргиза Раҳматова: Қизиқсизлар-е, одамлар. Бир томондан ҳаммаёқда порахўрлик, тамагирлик дея бонг уриб, бошқа томондан ўзларинг шунга замин яратасизлар. Агар давлат болалар боғчасини қандай таъминлаётгани сизни қониқтирмаса, талаб қилинглар, ҳуқуқбузар ва пора берувчи бўлиб қолманглар. Аниқ ишонаманки, ўшалар сўраётган нарсаларининг ҳаммасини ҳам болаларимиз учун ишлатишмайди. Умуман пора олувчини ҳам, берувчини ҳам жазолаш керак. Болаларимиз боғча ёшидан туриб, қаердадир иш битиши учун узатиб туриш кераклигини англашмоқда. Ахир бу нарсаларни олиб беришга қурби етмайдиган инсонлар бор, ойлик тўловни зўрға тўлаб юрганлар бор. Анави пулини қаёққа қўйишни билмай юрганлар эса болалар боғчалари учун хайрия фонди очишсин, нима бўлганда ҳам, бу қонуний йўл бўларди. Тўғри айтишибди айримлар: ҳаммасини порталга ёзиш керак.

Беҳзодбек Қодиров: Буларнинг барчасига маблағ ажратилади. Кимдир занжирнинг ўртасида шу пулларга чанг солса, бу бошқалар чўнатагидан қоплаши керак, дегани эмас-ку? Ғазначиликда бу нарсалар учун пул ажратилади.

Камола Камолова: Қизиқ, гуруҳда 30 нафар бола бор, уларнинг ҳар бири учун ойига 700 сўмдан фондга пул йиғилади. Қўшимчасига ҳамма нарсани ўзимиз харид қилиб, келтириб топширар эканмиз, тарбиячилар бу пулларни нимага ишлатишади?

Виктория Потопатова: Буларнинг барчаси болаларингиз учун ахир. Бу рўйхатда кўрсатилган нарсаларнинг бир қисмини сўрашмаса ҳам обориб берган пайтларим бўлган, ишонинг, ўша ҳожатхона қоғози ёки стол ёки пол латта билан тарбиячи бой бўлиб қолмайди. Уларнинг машаққатли меҳнатига муносиб маош тўлашмайди, ахир. Яна қурби етса-да, ўз боласи учун гигиена воситалари, ҳожатхона қоғози ва турли латталарни олиб бериш мушкул бўлган ота-оналар ҳам учрайди. Ўйинчоқлар эса тез-тез бузилиб, синиб туради, кўп болалар уларни уйига олиб кетиб қолади, ўзим ҳам болаларимни бир неча марта бу йўлдан қайтарганман. Ахир у бола-да! Биргина бола уйда ҳамма нарсани синдириб чиқади, у ерда эса 30 бола бор, тасаввур қилинг.

Самира Сафонова: Муаллиф, сизга шу нарсаларни элтиб бериш қийинми?! Ўз болангиз учун-ку, ахир? Айнан болангизни ўзи ёки у учун ишлатиладиган нарсалар-ку. Жуда қўрқинчли суммадаги пул бўлмайди ҳам. Ҳали болангиз мактабга чиқса, мактаб ва синф фонди деган нарсаларга ҳам пул тўлайсиз. Ўшанда уларни ҳам келиб шу ерга ёзасизми? Бу доим бўлган ва шундай бўлиб қолади. Буни ёзишдан нима наф?

Аълоуддин Садриддинов: Бечора тарбиячилар. ХТВ ҳаммасини шаҳар ХТБга юклайди, шаҳар ХТБ — туман ХТБга, занжирнинг сўнгги ҳалқасида эса тиланчилик қилиш ўзининг ҳам ҳикилдоғига келган ёлғиз тарбиячи қолади.

Людмила Март: Гап тарбиячиларда эмас, бу ердагилар айтишаяптики, давлат таъминотида бўлган боғчаларда йиға-йиғларга ота-оналар сабабчи, деб. Менинг Россияда яшовчи дугонамнинг айтишича, уларда бундай муаммо мутлақо йўқ экан. Болангни келтирдинг, кечқурун обкетдинг, бўлди, қолганини давлат кўтаради.

Агзамова Ирина: (Людмилага) Ҳечам-да, мана, менинг болам Россиядаги боғчага боради, уларда ҳам рўйхат бор, фақат сал қисқароқ, 1 ўрам ҳожатхона қоғози ва бир даста салфетка, шунингдек, совун.

Вазият юзасидан халқ таълими бўлимида ишлайдиган ходимлардан бири «Нега боғчаларда йиға-йиғ бу даражада?» дея берган саволимизга қуйидагича жавоб берди:

— Саволнинг жавобини молия бўлимидагилардан сўраш керак. Чунки мактабгача таълим муассасасининг харажатлар сметасида тилга олинаётган рўйхатдаги нарсалар учун пул ажратилмайди. Аммо санитария эпидимология станцияси (СЭС) ходимлари тарбиячилардан буни талаб қилишади.

Давлат томонидан молиялаштириладиган барча муассасаларнинг маблағи молия бўлимлари орқали ўтади. Муассаса ўзи учун зарур маблағ сметасини олиб боради, молия бўлими уни ярмигача қисқартириб, тасдиқлаб беради. Сўнгра боғча ўша миқдордаги пулни банкдан олади.

Молия бўлимининг асосий иши — бюджет маблағларини имкон қадар тежаш. Ана шу жараёнда шу ерда баъзан «салла ўрнига калла» ҳам олиб ташланади, кейин мана, ушбу ҳолатдаги каби, жабрини ота-оналар кўради. Энди, молия бўлимининг мақсади аслида ёмонлик эмас — бюджет пулини беҳуда сарфланишига йўл қўймаслик, лекин баъзида харажатларни жуда қисқартириб ташлашадиям-да. Йилнинг бошида ўша қисқартирилган смета бўйича пулни белгилаб, муассаса давлат томонидан тайёр қилинади. Лекин боғча тирик организм-ку, йил бўйи ишлайди: бу муддат ичида нимадир синади, бузилади, тугайди...

Ш.Шокиржонов тайёрлади.

Таҳририятдан: Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати билан Кун.уз сайтининг ҳамкорликдаги лойиҳа доирасида ХТВ Мактабгача таълим муассасалари бўлими бошлиғи С.Миржалилова ўз соҳаси бўйича сизни қизиқтирган саволларингизга жавоб беради.

Ўзингизни қизиқтирган барча саволларни Кун.уз почтасига (info@kun.uz) ёқи алоқа ўрнатиш ҳаволаси ёрдамида таҳририятга жўнатишингиз мумкин.

Top