Ўзбекистон | 12:18 / 19.05.2017
31985
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев дунё давлатлари раҳбарлари иштирокидаги саммитда нутқ сўзлайди

Фото: ЎзА

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдулазиз ас-Сауднинг таклифига биноан Араб-мусулмон мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари саммитида иштирок этади ва нутқ сўзлайди. Бу ҳақда «Жаҳон» ахборот агентлиги маълум қилди.

Тадбир 21 май куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёз шаҳрида бўлиб ўтади.

Юқори даражадаги ушбу форум экстремизм ва терроризмга қарши кураш, бағрикенглик ва бирга яшаш қадриятларини илгари суриш ҳамда хавфсизлик, барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ислом дунёси ва АҚШ ўртасида янги шерикликни ўрнатишнинг йўлларини муҳокама этиш мақсадида ташкил этилмоқда.

Саммитга Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо мамлакатлар, АҚШ, БМТ, ИҲТ, Араб давлатлари лигаси, Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгашининг бош котиблари таклиф этилган.

Юқори даражадаги мазкур учрашув чоғида Саудия Арабистони қироли, АҚШ президенти, бошқа давлатлар етакчилари қаторида Ўзбекистон раҳбари ҳам нутқ сўзлаши кутилмоқда.

Тадбир доирасида саммит қатнашчиларининг Экстремистик мафкура билан курашиш бўйича халқаро марказ қурилаётган жойга бориши ва унинг пойдеворига биринчи ғишт қўйилиши ҳам кўзда тутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳозирги пайтда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислик қилмоқда. Ўтган йилнинг 18-19 октябрь кунлари Тошкентда Ислом Ҳамкорлиги ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси бўлиб ўтган эди. «Таълим ва маърифат — тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл»  мавзуси мазкур сессия кун тартибининг асосий ғояси этиб белгиланган ва ушбу мавзу Ўзбекистон Республикаси биринчи президенти Ислом Каримов томонидан дунё халқлари, ўз халқи тақдири, бугунги мураккаб шароитда муқаддас динимизнинг аҳамияти ҳақидаги чуқур мулоҳазалар натижаси сифатида таклиф этилган эди.

Ўшанда Шавкат Мирзиёев мазкур кенгаш 43-сессияси иштирокчиларининг олдида нутқ сўзлар экан, айнан маърифат ва таълим башарият фаровонлигининг асосий омилларидан ҳисобланишини, инсонларни эзгуликка даъват этишини, саховатли, сабр-қаноатли бўлишга ундашини қайд этган эди. Муқаддас ислом динимиз бизга айнан шуни ўргатади. Ўзбекистон раҳбари таъкидлаганидек, бундай ёндошув — даврнинг талаби.

Шуни қайд этиш жоизки, давлат арбоблари, экспертлар, дин уламолари хорижда Ўзбекистонни маърифий исломнинг, динлараро сабр-тоқатлилик, миллатлараро ҳамжиҳатлик намунаси деб аташади. Масалан, яқинда Ўзбекистонга ташрифи чоғида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн турли конфессия ва маданий марказлар вакиллари билан учрашган эди.

Мартабали комиссар бу ташкилотларнинг миллатлараро муносабатлар ва уйғунликни рағбатлантиришда ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳаётийлигини таъминлашдаги аҳамиятини қайд этган эди.

Шу муносабат билан, БМТ Олий комиссари томонидан жорий йилда қабул қилинган 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик масаласи махсус бандларда ўз ифодасини топгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Дарҳақиқат, юқорида қайд этилган сифатлар олийҳиммат ўзбек халқининг қонига сингиб кетган, унинг буюк фарзандлари нафақат ислом тараққиётига, балки бутун инсоният цивилизацияси ривожига бебаҳо ҳисса қўшган. Мусулмон дунёсида Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Исо Термизий, Ҳаким Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрори Валий, Абу Мансур Мотуридий сингари буюк сиймоларнинг табаррук номлари эҳтиром билан тилга олинади.

Ислом оламида Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом ҳадислари тўпламининг ишончли манбаи деб эътироф этилган «Ал-жомиъ ас-саҳиҳ» тўплами «барча муҳаддислар устози» бўлмиш Имом Бухорийнинг кўп йиллик фидокорона изланишлари самарасидир.

Бутун дунё мусулмонлари бу табаррук зот туғилган Бухорои шарифга боришга ҳамда унинг Самарқанддаги қабрини зиёрат қилишга интилади.

Мавзуга оид