Жаҳон | 15:15 / 19.05.2017
8698
3 дақиқада ўқилади

Швеция Жулиан Ассанжга нисбатан жиноий ишни тўхтатди

Фото: Reuters

Швеция прокуратураси Wikileaks асосчиси Жулиан Ассанжга нисбатан жинсий тажовуз ва зўрлаш иши бўйича тергов ҳаракатлари тўхтатилгани ҳақида маълум қилди. Прокуратура уни ҳибсга олиш ва судга тортиш тўғрисидаги ордерини бекор қилган.

Ассанж тарафдорлари сайтида айтилишича, Швеция прокуратураси ташкилот асосчисидан айбловларни БМТ ишчи гуруҳининг 2016 йилнинг февралидаги қарори ортидан шундай қарорга келган. Ўшанда экспертлар Буюк Британия ва Швеция Ассанжни озодликдан маҳрум этиш орқали унинг соғлигини хавф остига қўйгани ҳақида хулосага келишганди.

Прокуратуранинг бу қароридан кейин Ассанж табассум билан тушган суратини тармоққа жойлаштирди.

Wikileaks ташкилотида айтилишича, Ассанж Эквадорнинг Лондондаги элчихонасидан чиқса, британ полициячилари уни ҳибсга олиб, АҚШга топшириши мумкин. Маҳаллий ҳукумат ҳозирча бу борада муносабат билдирмади.

Ассанжга қарши иш 2010 йилнинг ёзида икки аёл баёноти асосида Швеция ҳукумати томонидан очилганди. Даъвогарлар Ассанж Стокҳолмга келганида уларга нисбатан жинсий товламачилик қилгани айтилганди. Wikileaks асосчиси 2011 йилнинг 7 декабрида қўлга олинган, бир неча кун ўтиб, гаров пули эвазига қўйиб юборилганди.

У 2012 йил июнидан бери Эквадорнинг Лондондаги элчихонаси ҳудудида яшириниб турибди. Ассанжнинг ўзи унга нисбатан илгари сурилган айбловни тан олмаган. Унинг сўзларига кўра, агар Швеция уни ҳибсга олса, дарҳол АҚШга топширади, АҚШ эса Ассанжни турли ҳукумат идоралари ва хизматларининг махфий ҳужжатларини омма эътиборига ҳавола қилиб юборгани учун таъқиб қилиб келади.

Маълумот учун, Австралия фуқароси ҳисобланган Жулиан Ассанж махфий ҳужжатларни чоп этиш учун яратилган WikiLeaks` сайтининг асосчиси (2006) ҳисобланади. 2010 йилда ушбу сайт АҚШ ҳарбийларининг 2007 йилда Бағдодни вертолётдан туриб ҳужум уюштиргани ва 18 нафар тинч аҳоли вакилининг ўлимига сабаб бўлгани тасвирланган видеолавҳани ошкор қилган эди. Сайт ўша йили АҚШнинг дипломатик характердаги 250 мингга яқин ҳужжатини чоп этишни бошлаган.

Мавзуга оид