Хитойнинг AVIC концерни қуруқликдаги қўшинларни ҳаводан қўллаб-қувватлашга мўлжалланган янги Z-19Е жанговар вертолётини яратди. Бу вертолётни Осиё-Тинч океани минтақаси давлатларига экспорт қилиш режалаштирилган.
Z-19’нинг экспорт модели бир қатор ўзига хос кўрсаткичларга эга. Вертолётнинг ўз оғирлиги бор-йўғи 4250 кг ни ташкил қилади, шу сабабли у реал жанговар вазиятда турли манёврларни бажаришга қодир. Машинанинг енгиллиги унинг жанговар қудратига асло таъсир қилмаган, бундан ташқари, у оддий Z-19’дан хавфсизроқ ва шовқинсизроқдир.
Z-19E ёт жисмларни парракларга тортишнинг олдини олувчи махсус тизим билан жиҳозланган. Бу эса вертолётга минимал баландликда учишга ва исталган жойга қўнишга имкон беради.
Вертолёт "ҳаво-ер" ва "ҳаво-ҳаво" ракеталари билан жиҳозланиши мумкин. Шу тариқа, Z-19E вертолётининг асосий вазифаси душманнинг қуруқликдаги ва ҳаводаги техникасини йўқ қилишдан иборат. Жанговар машина исталган об-ҳаво шароитида парвозларни амалга ошира олади ва қуруқликдаги қўшинларга ҳаводан қўмак кўрсатиши, танк, БТР ҳамда ердаги истеҳкомларни йўқ қила олиши мумкин.