12:16 / 22.05.2017
4009

Ҳисобот: 2016 йилда турли сабабларга кўра қочқинга айланганлар сони 31 млндан ортиқ

Фото: Reuters

Ҳарбий можаролар ва табиий офатлар туфайли ўз уйларини тарк этишга мажубр бўлган одамлар сони 2016 йилда 31,1 миллион кишини ташкил этди. Норвегиянинг қочқинлар бўйича кенгаши ҳисоботида шу ҳақда сўз боради

Тахминан 922 минг киши Конго демократик республикасидаги ҳарбий можаро туфайли ватанларини тарк этган. Суриядан 824 минг киши қочган. Бу борада учинчи ўрин Ироққа тегишли экани айтилмоқда. 2016 йилда бу мамлакатдан 659 минг киши чиқибк кетган. Кейинги ўринларда Афғонистон (653 минг киши), Нигерия (501 минг) ва Яман (478 минг) жойлашган.

Ҳарбий зиддиятлар туфайли уй-жойларини ташлаб кетган жами 6,9 миллион кишидан 2,6 миллиони Саҳрои-кабирдан жанубда жойлашган Африка мамлакатларидадир. 

Фото: IDMC

Бунда, ҳисоботга кўра, табиий офатлар оқибатида, ҳарбий зиддиятларга қараганда 3 карра кўпроқ одамлар ўз уйларини тарк этишади. Ўтган йили кутилмаган об-ҳаво инжиқликларига дуч келган 24 млн кишидан катта қисми кетишга қарор қилган. Бу "рейтинг"да 7,4 миллион киши билан Хитой биринчи ўринда. Унинг ортидан 5,9 млн киши ватанини тарк этгани айтилаётган Филиппин турибди. Учинчи ва тўртинчи ўринда Ҳиндистон ва Индонезия 2,4 ҳамда 1,2 миллионлик кўрсаткич билан турибди. 

Ҳисобот муаллифларининг қайд этишларича, келгусида иқлим ўзгариши сабабли уйларини тарк этувчилар сони ортади. NRC раҳбари Ян Эгеланннинг сўзларига кўра, мамлакатлари ичида кўчаётганлар сони қочқинлар сонидан ортиб бормоқда, шу боис бу масалани халқаро кун тартибига қайтариш зарур. 

Top