16:37 / 23.05.2017
8290

Дунёдаги илк робот-кема қурилиши бошланди

Фото: YouTube/KONGSBERG Gruppen

Норвегиянинг Kongsberg Maritime компанияси YARA Porsgrunn корпорацияси буюртмаси асосида дунёдаги биринчи роботлаштирилган юк кемасини қуриш ишларини бошлади. Кема компания маҳсулотларини автоматик равишда ташишда фойдаланилади. Бундай кемага деярли экипаж талаб қилинмайди, уни дунёдаги биринчи муқобил робот-кема деб айтиш мумкин. 

Автоматик бошқарув элементлари янги кеманинг барча тизимлари билан қўшилади. Электр ўтказгичлар, аккумулятор батареялари, навигация ва ҳаракатни бошқарув тизимлари шулар жумласидан. Унинг 2018 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. 

Синовларнинг илк босқичи камсонли экипаж аъзолари иштирокида бўлиб ўтади, 2019 йилдан бошлаб кема ярим муқобил равишда юкларни ташиш ишларини бошлайди. 2020 йилдан эътиборан робот-кема экипажсиз ҳаракатланади. Компания режаларига кўра, робот-кема, юк машиналарининг 40 минг ташувига тенг бўлган юкларни ташийди.  Бу эса автомагистралларни юк машиналаридан бўшатиш мақсадига хизмат қилади. Бўлғуси кема ишлайдиган дастурлардан бири AUTOSEA ҳисобланади. У кеманинг сувда тўқнашиб кетмаслиги ва хавфсизлигини таъминлайдиган кўплаб датчикларга эга. 

Айни вақтда, дунёдаги атиги бир неча компания автоматлаштирилган денгиз транспорти соҳасида изланишлар олиб бормоқда. Kongsberg Maritime компаниясидан ташқари Rolls-Royce компанияси бу йил шу каби тадқиқотлар ўтказиш мақсадида Tekes агентлиги грантига эга бўлди. Rolls-Royce ўз лойиҳаси доирасида кемаларни қуруқликдан бошқариш марказларини ташкил этиш бўйича инфратузилмаларни ва бевосита робот-кемаларнинг автоматик бошқарувини ишлаб чиқиши керак. 

Top