20:03 / 23.05.2017
13981

Фрэнк Гербертдан муваффақият сири

Фрэнк Герберт - америкалик фантаст-ёзувчи, "Дюна кундалиги" асари муаллифи.

1957 йилда Фрэнк Герберт деярли банкрот бўлган - унда фақат янги китоб ғояси бўлган. Бироқ бир неча йилдан кейин у улкан муваффақиятга эришган. "Лайфхакер" шу мавзудаги мақоласи билан бўлишди.

Герберт деярли 6 йил давомида, то 1963 йилга қадар "Дюна" қўлёзмаси устида ишлаган. Дастлаб унинг асарини ҳаддан ташқари узун, ўқувчиларга ёқмайди деб ҳисоблаб, ҳеч ким нашр қилгиси келмаган. У бирин-кетин рад этилган. Ҳатто ношир топилганда ҳам, китоб муваффақиятсизликка учраши кутилганди: танқидчилар унга салбий баҳо беришар, реклама эса йўқ эди.

Бироқ изоҳлаб бўлмас воқеа юз берди. "Дюна" одамлар тилига тушди. Китоб танила бошлади.

"Икки йил давомида китоб дўконлари ва ўқувчилар китобимни ҳеч қаердан топиб бўлмаётганини айтиб, менга шикоят қилишарди", - дейди ёзувчи.

Герберт "Дюна" тарихини "муваффақиятнинг секин шаклланиши" деб атади. Бундай муваффақият навбатдаги бестселлер шуҳратидан кўра кўпроқ аҳамиятга эга. Бестселлерларнинг аксарияти - иллюзия. Машҳур муаллиф мавқеига эга бўлишни истаган ҳар қандай ишбилармон китоб ёзиш учун кимнидир ёллаши мумкин, кейин эса 10 минг нусхасини сотиб олиб, бестселлерлар рўйхатидан жой олиши ҳеч гапмас. Бироқ бундай пуллар тез унутилади. "Дюна" эса 40 йилдан буён мутолаа қилинади.

Мукофот ҳақида ўйламанг

Нима учун кўплаб бошқа китоблар эътибордан четда қолган бир вақтда "Дюна" бунчалик машҳур бўлиб кетди? Бахтли тасодифми? Эҳтимол. Балки гап Гербертнинг ўз санъатига ёндашувидадир.

"Мен "Дюна"ни ёзганимда унинг муваффақияти ёки таназзули ҳақида ўйламаганман. Барча сюжет линияларининг ўзаро мувофиқлиги катта эътиборни талаб қиларди. Менинг бошимда бошқа фикрлар учун жой ҳам йўқ эди". Фрэнк Герберт.

Герберт имкон қадар кўпроқ нусха сотиш илинжида бўлмаган. У шунчаки инсонларни қизиқтира оладиган асар ёзишни ният қилган.

"Ёзувчи ўқувчи китобнинг кейинги саҳифасини ўқишга шошилиши учун қўлдан келганча ҳаракат қилиши керак. Ёзаётганда шу ҳақида ўйлаш керак, - дерди у. - Пуллар ёки шон-шуҳрат ҳақида ўйламанг. Ўқувчиларга етказмоқчи бўлган ҳикоянгизга диққатни қаратинг, қолган нарсаларга куч сарфламанг".

Бу маслаҳат фақатгина ёзувчиларга тегишли эмас. Пуллар ҳақида ўйламанг. Муваффақият ҳақида ўйламанг. Ўз ишингизни сифатли бажаришга диққат қилинг. Шунда қолгани ўз-ўзидан келади.

Муваффақиятга бўлган муносабатни ўзгартиринг

Гербертдан муваффақият у учун нима экани ҳақида кўп сўрашарди.

"Бу менинг ишим эди ва мен ишлаганман, - дея жавоб берган Герберт. - Мен ёзувчи бўлганман, шунинг учун ёзганман. Муваффақият фақат ёзишда давом этиш учун вақтим кўпроқ бўлиши билан аҳамиятли эди. Орқага қараб, инстинктив жиҳатдан тўғри йўл тутганимни англаб етаман. Фақат муваффақият учун ёзиб бўлмайди. Бу китоб яратиш жараёнидан чалғитади".

"Китоб ёзишга ўтирдингми, унда фақат ёзаяпсан, тамом". Фрэнк Герберт

Бу жуда муҳим маслаҳат. Шу боис кейинги сафар янги маҳсулот, китоб ёки стартап учун ажойиб ғоя пайдо бўлганида, ўзингиздан ўзингиз сўранг: "Мен муваффақият қозониш учун ишлаяпманми ёки муваффақият мен учунми?"

Мавзуга оид
Top