Жаҳон | 10:14 / 23.05.2017
5707
1 дақиқада ўқилади

Панаманинг собиқ президенти Интерпол томондан қидирувга берилди

Фото: Mauricio Valenzuela / Xinhua / Globallookpress.com

Интерпол Панаманинг собиқ президенти Рикардо Мартинеллини халқаро қидирувга берди. Мартинелли бу лавозимни 2009-2014 йилларда эгаллаган. Бу ҳақда 22 май куни La Prensa нашри маълум қилди. 

Мартинелли коррупция ва мамлакат фуқаролари ортидан кузатув олиб боришда айбланмоқда. У, шунингдек, Панама визаларини ноқонуний сотишда гумон қилинмоқда. Тахминларга кўра, собиқ президент ва унинг шериклари бу фаолиятдан 100 млн долларгача фойда олган бўлишлари мумкин.

2015 йил декабрда Панама олий суди Мартинеллини ҳибсга олишга рухсат берган. Агар собиқ президент айбдор деб топилса, у 21 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Панама ташқи ишлар вазирлиги АҚШга тахминларча Майамида бўлган Мартинеллини топшириш илтимоси билан мурожаат қилган.

Мартинелли 2016 йил февралда дунёнинг энг коррупциялашган одамлари рейтингининг 3-поғонасини эгаллаганди.

Мавзуга оид