13:43 / 31.05.2017
7747

Трампнинг «Twitter»даги обуначиларидан деярли ярми ботлар экани маълум бўлди

Фото: Reuters

АҚШ президенти Доналд Трампнинг «Twitter»даги 31 миллиондан ошиқ обуначисидан 15,1 миллиони — ботлар экан, дея хабар берилади Twitter Audit Report ҳисоботида.

Ушбу ресурс у ёки бу профилнинг «Twitter» ижтимоий тармоғидаги ҳақиқий обуначилари сонини ҳисоблаб беради, дея изоҳлайди ТАСС.

Ҳисоботда кўринишича, Трампнинг «Twitter»даги саҳифасини мунтазам кузатиб бораётган 15,1 миллион обуначи (49 фоиз!) инсон эмас — улар бўш, бирор ёзув ва фотосуратларсиз сохта аккаунтлар, деб ёзади «New York Daily News».

Нашрнинг қайд этишича, сўнгги дам олиш кунлари обуначиларнинг сони кутилмаганда бирданига 3 миллион кишига ошган. Нашр шунингдек, АҚШнинг аввалги президенти Барак Обаманинг «Twitter»да 89 миллион обуначиси бўлгани ва уларнинг 79 фоизи реал инсонлар эканини қайд этиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, Трамп «Twitter»дан сиёсий курашларда фаол фойдаланади, чунки у ижтимоий тармоқни республикачи сиёсатчига душманона муносабатда бўлган оммавий ахборот воситаларини четлаб ўтиб, Америка халқи билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш воситаси деб билади.

Сайловда ғалаба қозонгач, Трамп «Twitter»да АҚШ президентининг расмий аккаунти — Барак Обама ишлатган @POTUS дан фойдаланишни рад этиб, ўзининг @realdonaldtrump аккаунтида твитлар ёзиб келмоқда.

Жумладан, бугун эрталаб у «coverage» сўзини «covfefe» сифатида хато ёзиб юбориб, ўша сўзнинг мэм сифатида жаҳон трендлари рўйхатига чиқишига сабаб бўлди

Top