18:41 / 08.06.2017
107604

Тошкент прокуратураси Жасурбек Иброҳимов иши бўйича баёнот берди

Тошкент шаҳар прокуратураси расмий вакили, шаҳар прокурори ўринбосари Фатхулла Абдурахимов сўнгги вақтларда интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқларда шов-шувларга сабаб бўлган воқеа юзасидан баёнот берди. 

Абдурахимовнинг сўзларига кўра, айни вақтда П.Ф.Боровский номидаги тиббиёт коллежи талабаси, марҳум Жасурбек Иброҳимов иши юзасидан тергов ишлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси доирасида амалга оширилмоқда. Айни кодекснинг 23-моддасига кўра, Ўзбекистонда ҳеч ким суднинг
кучга кирган қонуний ҳукми эълон қилинмагунча жиноятчи деб ҳисобланмайди. 

“Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг расмий сайтида ҳолат бўйича маълумот берилди. Қонунда тергов сири деган тушунча бор. Терговга таъсир қилмаслиги учун ҳозир ортиқча маълумот беролмайман. Айтишим мумкин бўлган нарса шундан иборатки, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Тергов якуни бўйича барча ҳолатлар ва терговга алоқадор барча шахсларга, ҳаракатларга ҳуқуқий баҳо берилади”, - деди Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари Фатхулла Абдураҳимов шаҳар ИИББда бўлиб ўтган брифингда.

Прокурор ўринбосарининг айтишича, тергов жараёни 3 ойгача давом этиши эҳтимол. Бироқ, ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаевнинг ойдинлик киритишича, қонунчиликда айрим ҳолларда тергов ишлари 5 ой ва ҳатто 7 ойгача давом этиши кўзда тутилган. 

Top