22:04 / 15.06.2017
14169

Қозоғистон президенти лавозимига номзодларга қўшимча шартлар киритилмоқда

Фото: akorda.kz

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев "Қозоғистон Республикасининг баъзи конституциявий қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонунни имзолади. Ҳужжат тегишли конституциявий қонунларни конституцияга киритилган ўзгартиришлар билан мос келтириш учун юборилган. Бу ҳақда Назарбоев матбуот хизмати маълум қилди.    

Жумладан, "Сайловлар ҳақида"ги қонунга мамлакат президенти лавозимига номзодга қўйиладиган қўшимча талаблар киритилмоқда. Бу талаблар: давлат хизмати ёки давлат лавозимларида камида 5 йиллик иш тажрибаси эга бўлиш, ўз мажбуриятларини бажаришга тўсқинлик қилувчи касалликларга эга эмаслик. 

"Президент ҳақида"ги қонунда президент ваколатлари конституциявий тузатмаларга мувофиқ ҳолга келтирилмоқда. Хусусан, президент парламент Мажлиси (қуйи палатаси) билан маслаҳатлашувдан кейин бош вазир томондан тақдим қилинган номзодларни ҳукумат аъзолари лавозимларига тайинлайди.   

"Республика референдуми ҳақида"ги қонунга ҳам тузатишлар киритилмоқда. Уларга кўра, референдумда мамлакат унитарлиги ва ҳудудий яхлитлиги, унинг бошқарув шакли билан боғлиқ масалалар ҳамда Қозоғистон президенти томондан асос солинган республика фаолиятининг муҳим тамойиллари кўриб чиқилмайди.  

Top