16:39 / 16.06.2017
6402

NASA Марсни ўзлаштириш учун икки оёқли роботини синовдан ўтказмоқда

IHMC Robotics Lab компанияси «Валькирия» деб номланган икки оёқли андроид-роботнинг нотекис кенгликлардаги синов жараёнини ўтказмоқда. Мазкур робот Марс сайёрасини ўзлаштиришга мўлжалланган, деб ёзади TechCrunch.

«Валькирия» прототипи Линдон Жонсон номидаги фазо маркази (NASA Johnson Space Center) томонидан ишлаб чиқилган. У атрофдаги объектлар ва тўсиқларни сканловчи LIDAR датчиклари билан жиҳозланган. 

Андроиднинг бошига ўрнатилган MultiSense SL камераси атроф-муҳитни 3D-стерео ва видеотасвирга олади. Унинг учбармоқли қўлларига 38та датчик ўрнатилган. Иккита Intel Core i7 процессори роботнинг «бош мияси» вазифасини бажаради. Гарчи, робот синов вақтида электр тармоғига улаб қўйилган бўлса-да, унинг батарея қуввати бир соатга етади. 

Дастлаб, NASA «Валькирия»ни табиий офатлар вақтида ёрдам бериш учун ишлаб чиққан эди. Бироқ, 2014 йили агентлик мақсадни ўзгартириб, роботни фазони ўзлаштириш йўналишига мослаштира бошлади. Роботнинг ҳозирги вазифаси Марсдаги бўлғуси фазовий база учун жойни ҳозирлашдан иборат. Бундан ташқари, 2035 йилда учириш мўлжалланган фазогирларни кутиб олиш, шунингдек, авария-тъмирллаш ишларини ўтказиш унинг вазифасидир. 

Июнь ойи охирида АҚШда Space Robotics Challenge мусобақаси бўлиб ўтади. Ёз ойлари мобайнида 20 жамоа 1 млн доллар миқдоридаги мукофот учун кураш олиб боради. Танлов виртуал муҳитда Gazebo дастурий таъминоти негизида бўлиб ўтади.

Top