18:20 / 22.06.2017
14846

Атамбоев истеъфодан сўнг нималар билан шуғулланиши ҳамда инглиз тили ҳақида

Фото: Sputnik

"Қирғиз тили - жаҳон мероси, инглиз тили эса кутиб туради", - деди Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев куни  кеча ватандошлари билан кечган учрашувда. 24kg'да шу ҳақида хабар берилди

Профессор Марклен Конурбоев учрашувда Қирғизистонда инглиз тилини қирғиз тили билан тенг ўрганиш имкониятига қизиқиш билдирди. Шу билан бирга у бунга Сингапурни мисол қилиб кўрсатди (Ли Куан Ю инглиз тилини давлат тили деб эълон қилган).

"Сингапурда миллатлараро адоват бўлмаслиги учун инглиз тилига давлат тили мақоми берилган. Бизга келадиган бўлсак, келинг, аввал ўзимизнинг давлат тилимизни керакли даражага кўтарайлик. Сизларга қачонлардир инглиз тили фойдасига рус тилидан воз кечган Мўғулистонни мисол қилиб келтиришим мумкин. Мен бу масалада давлат раҳбарияти билан суҳбатлашганман. Улар мўғуллар на рус тилини ва на инглиз тилини яхши билмасликларидан нолишган. Биз ҳеч бўлмаганда бугунга қадар билган тиллармизни сақлаб қолайлик", - деди Қирғизистон президенти. 

Шунингдек у жорий йилнинг куз фаслидан бошлаб Қирғизистоннинг барча мактабларида инглиз тили ҳар кунги дарс жадвалга киритилишини маълум қилди. Шундай экан, Қирғизистон аста-секинлик билан уч тилли мамлакат бўлиши эҳтимолдан холи эмас. 

Бундан ташқари, Алмазбек Атамбоев истеъфога чиққанидан кейин нима билан шуғулланишини ҳам айтиб ўтди: "Истеъфога чиққанимдан сўнг қирғиз тили, маданияти ва тарихи билан шуғулланаман".

Top