22:03 / 28.06.2017
7475

JICA ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги янги лойиҳага қўл уришди

Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги 28 июнь куни «Юқумли бўлмаган касалликлар (ЮБК)ни профилактика ва назорат қилиш» техник ҳамкорлик лойиҳаси бўйича фикрлашув баённомасини имзолашди, дея хабар бермоқда UzDaily.

Ушбу ҳужжатнинг имзоланиши JICA’нинг 2017–2021 йилларда Ўзбекистонда янги лойиҳани ишга туширишини англатади. Мулоқотлар якунига кўра, икки томон Жамоатчилик саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти JICA билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳани ташкиллаштириш учун масъул этиб белгиланганига келишишди.

Қайд этиш жоизки, лойиҳани амалга ошириш 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясига, хусусан, фуқаролар соғлиғини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш ва аҳолининг соғлом турмуш тарзини шакллантиришни қамраб олган 4 устувор йўналишга тўлиқ мос келади.

Кутилишича, «Юқумли бўлмаган касалликларни профилактика ва назорат қилиш» техник ҳамкорлик лойиҳаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг лойиҳанинг мақсадли ҳудудларда, хусусан, республикамизнинг Тошкент ва Навоий вилоятларида юқумсиз (кўпроқ, юрак-қон томир ва диабет) касалликлар хавфи омиллари кўрсаткичларини пасайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларига кўмак беради. 

Шу билан бир қаторда, лойиҳанинг мақсадли ҳудудларида юқумли бўлмаган касалликларнинг баъзи кўринишларига қарши курашишда пировард натижада сурункали ЮБК юкини баҳолаш ва дастлабки звено тиббиёт муассасалари даражасида соғлиқни сақлаш тизими эътиборини қаратиш учун маълумотларни самарали тўплаш, таҳлил қилиш, қайта ишлаш ва тақсимлаш ишларини амалга ошириш воситасида лойиҳа келгусида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жамоатчилик саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти филиаллари салоҳиятини оширишга ўз ҳиссасини қўшади. 

Шунингдек, лойиҳа доирасида аҳолининг соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича мавжуд услубий материалларни танқидий жиҳатдан кўздан кечириш бўйича ишлар ҳамда жойлардаги мутахассислар ва тиббиёт ходимларини Японияда ва Ўзбекистонда малакасини ошириш чоралари амалга оширилади. Бундай курсларни ташкиллаштириш жойлардаги тиббий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ва кундалик ҳаётда ўз саломатлиги ҳақида яхшироқ қайғуриш борасида сурункали юқумли бўлмаган касалликларга чалинган инсонларга ёрдам бериш учун ЮБКни профилактика қилишга йўналтирилган бўлади. 

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, ЮБК сайёра аҳолисининг саломатлиги ва умумбашарий ривожланишга жиддий хавф солиб келмоқда. Касалликларни бу тоифасига қуйидагилар киради: юрак-қонтомир касалликлари, онкологик касалликлар, диабет, ортиқча вазн тўплаш, нафас йўлларининг сурункали касалликлари, таянч-ҳаракатланиш тизими касалликлари ва руҳий касалликлар. Статистикага кўра, ЮБКнинг бу кўринишлари жаҳон миқёсида инсонлар ўлимининг энг кенг тарқалган сабаблари ҳисобланади.

Top