11:35 / 03.07.2017
8283

Continental компанияси динамикларсиз аудиотизим ишлаб чиқди

Continental компанияси динамикларсиз аудиотизим ишлаб чиқди ва у анъанавий мажмуалардан 90 фоиз камроқ вазн босади. Карнайлар ўрнига кузов панеллари ва машина интерьерларидан фойдаланилади.

Ишлаб чиқарувчининг қайд этишича, айни пайтда оддий автомобиллардаги аудиотизимнинг оғирлиги 20 килограммгача боради, Continental томонидан яратилган янги тизимдаги барча элементлар 2 килодан ортиқ тош босмайди. Комплекс, шунингдек, машина массасини пасайтирибгина қолмасдан, унинг энергия истеъмолини ҳам камайтиради.

Continental’дагилар махсус актуаторлар ихтиро қилишдики, у автомобиль ичидаги маълум бир сиртларни ҳудди динамиклардаги мембраналар сингари титрашга мажбурлайди. Экспертларнинг фикрича, юқори частоталар учун олдинги таянчлар, ўрта частоталарга — эшиклар, томи ва орқа жавон — паст частоталарга хизмат қилади.

Фирманинг янги ишлаб чиққан қурилмаси Ҳанноверда ўтган TechShow 2017 кўргазмасида намойиш этилди. Динамикларсиз тизим Mercedes-Benz автомобилига ўрнатилиб синалди. Автомобиль бир вақтнинг ўзида Burmester аудиомажмуаси билан ҳам жиҳозланган эди — ҳар икки тизимни жойида таққослаш учун.

Бу машинада актуаторлар олдинги таянчлар, олд ойнанинг юқори қисми, шифт ва олд ўриндиқларнинг орқасига ўрнатилган. Тақдимотда иштирок этган CarAdvice журналистининг ёзишича, Continental тизимининг товуши Burmester’никидан бир неча бор тиниқ эканлиги ойдинлашган.

Янгилик сентябрь ойида Франкфуртда ўтадиган моторшоуда оммага намойиш этилиши мўлжалланган. Continental вакилларининг сўзларига кўра, уларнинг аудиожамланмаси аллақачон тўлиқ серияли ишлаб чиқаришга тайёр.

Top