15:23 / 03.07.2017
12293

Сеул мэри илк марта Тошкентда бўлди

Фото: Gazeta.uz

Бугун, 3 июль куни Тошкент шаҳридаги Дўстлик паркида (собиқ Бобур номидаги парк) жойлашган Сеул боғида "Корейс диаспорасининг Ўзбекистонга кўчиб ўтишининг 80 йиллиги муносабати билан корейс халқи номидан ўзбек халқининг бағрикенглиги ва меҳрибонлиги учун чуқур миннатдорчилик рамзи" бўлган мемориал ёдгорлиги очилди. Бу ҳақида "Газета.уз"да хабар берилди

Очилиш маросимида Сеул мэри Пак Вон Сун иштирок этди. Таъкидлаш жоизки, бу Жанубий Корея пойтахти маъмурияти раҳбарининг Ўзбекистонга биринчи ташрифидир. 

1937 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудига депортация қилинган корейсларнинг умумий сони 172 минг кишини ташкил қилган. 

Корея маданий маркази маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда корейс диаспорасининг 182 минг вакили истиқомат қилади. 

"Бизнинг миннатдорчилигимизни билдирувчи ёдгорликни қуриш ғояси Ўзбекистондаги корейс диаспораси етакчиларидан чиқди. Хусусан, Ўзбекистондаги Корея маданият маркази бошқарувчиси, Олий мажлис депутати Виктор Пак шундай ташаббус билан чиққан", - дейди танловдан ғолиб бўлган ёдгорлик муаллифи Артур Квон. Ёдгорликни ўрнатиш учун маблағ Ўзбекистондаги корейс диаспораси томонидан тўпланган. Шу билан бирга корейс ишбилармонлари ва оддий фуқаролари ҳам ўз ҳиссаларини қўшишган. 

Тадбирда шунингдек Тошкент шаҳри ҳокими Раҳмонбек Усмонов ва Корея Республикаси элчиси Квон Ён У ҳамда республика маданий марказлар вакиллари қатнашишди. 

Top