09:27 / 05.07.2017
4987

WSJ: Америка давлат департаменти ходимлари раҳбариятидан норози

Фото: Getty Images

АҚШ давлат департаменти (ташқи ишлар вазирлиги) ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг минглаб ходимлари идоралари келажаги ҳамда АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти томонидан қўллаб-қувватлаш йўқлигидан ташвишда. Бундан ташқари, давлат котиби Рекс Тиллерсон ҳам ходимларга эътиборсиз, деб ёзади The Wall Street Journal нашри консалтинг фирмаси ҳисоботига асосланган ҳолда. 

Газетанинг ёзишича, ҳисобот 5 июль куни ходимлар орасида тарқатилиши керак. Таъкидланишича, у давлат органи бюджети кескин қисқартирилган шароитда давлат департаментини қайта шакллантиришга уринаётган АҚШ давлат котиби учун махсус тайёрланган. 

Давлат департаменти ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг 35 мингдан ортиқ ходимларидан аксарияти идоралар ишидан норозиликларини изҳор қилишган ҳамда Трамп маъмурияти ва Тиллерсон раҳбарлиги юзасидан хавотирларини маълум қилишган. 

"Одамлар ўзларига савол беришмоқда: ушбу икки гуруҳ АҚШ манфаатларини илгари суришда давлат департаментининг муҳим ролини англашадими?", — дейилади ҳисоботда. Тадқиқотда, шунингдек, "одамлар келажак хусусида ишонч билан гапиришмаяпти", деб таъкидланган. "Бу борада аниқ дастур йўқлиги турли миш-мишлар кўпайишига ҳамда олдинда уларни нима кутиб тургани борасида хавотирлар пайдо бўлишига олиб келмоқда", — дейилади ҳужжатда. 

Газетага кўра, давлат департаменти ходимлари бюджетни қисқартириш ва ходимларни ишдан бўшатиш режалари бўйича ваҳима кўтаришмоқда. 

Хабарларга қараганда, 110 саҳифали ҳисобот учун давлат департаменти Insigniam консалтинг фирмасига 1,1 миллион долларга яқин маблағ тўлаган. Умуман, тадқиқотда икки идоранинг 35386 ходими қатнашган. Уларга Тиллерсонга "бевосита" мурожаат қилиш тавсия қилинган. 

Top