07:22 / 06.07.2017
19142

АҚШ Шимолий Кореяга қарши ҳарбий куч ишлатишга тайёрлигини билдирди

Фото: Global Look Press/Josef Beck

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Хейли БМТ Хавфсизлик кенгашининг 5 июлдаги мажлисида Вашингтон Шимолий Кореянинг ўзини тутишини ўзгартириш учун барча имкониятларни, жумладан ҳарбий кучни ишга солишга тайёрлигини айтди. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда.   

4 июлга ўтар кечаси Шимолий Корея навбатдаги баллистик ракетани учирганди.

"АҚШ ўзини ва иттифоқдошларини ҳимоя қилиш учун барча имкониятларни ишга солишга тайёр. Имкониятларимиздан бирини қуролли кучларимиз ташкил қилади. Агар керак бўлса биз уни қўллаймиз, бироқ биз бу йўналишда кетишни истамаймиз", деб айтган Хейли.
 
Хейлининг айтишича, АҚШ нафақат Шимолий Корея, балки у билан бизнес олиб борадиган барча давлатларга қарши санкциялар киритмоқчи.

"Биз нафақат Шимолий Кореяга, балки бу қувғинди тузум билан бизнес юритадиган исталган давлатга эътибор қаратамиз", деб қўшимча қилган Хейли.
 
У "БМТ санкцияларига амал қилиш бўйича катта вазифа Хитой зиммасига тушишини" айтди. Хитой зиммасига Шимолий Корея билан савдонинг 90 фоизи тўғри келади. 

Хейли агар Шимолий Кореяга қарши янги санкциялар БМТ Хавфсизлик кенгаши томондан маъқулланмаса, АҚШ "ўз йўли" билан кетишини айтди ва Шимолий Кореянинг охирги ракета синовларига жавобан резолюция лойиҳаси тайёрланаётганини эълон қилди. Бу лойиҳа яқин орада тақдим қилинади.  

Top