15:15 / 24.07.2017
27185

Тошкент давлат аграр университети ректори Паркентда бўлди

Маълумки, куни кеча давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий - иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш мақсадида Тошкент вилоятига ташриф буюрди. Президент ушбу вилоятга ташрифининг иккинчи куни, 22 июлда Паркент туманида бўлди. Шавкат Мирзиёев лалми майдонларни тўлиқ мева-сабзавотчиликка ўтказиш, харидоргир маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, Президент ушбу туманда янги барпо этилган интенсив боғни бориб кўрди ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги барча даражадаги рахбарларга ушбу туманда барпо этилган интенсив боғ билан яқиндан танишишни тавсия этди. 

Берилган тавсияларни амалиётга жорий этиш мақсадида Тошкент давлат аграр университети ректори, профессор Ботиржон Абдушукирович Сулаймонов раҳбарлигида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тасаруфидаги қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежлари раҳбарлари, Тошкент давлат аграр университети профессор-ўқитувчилари, Андижон қишлоқ хўжалик институти ректори Абдувасиков Абдуазиз Абдулазизович ва бошқа қизиқувчилар Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги кўп йиллардан буён аҳоли яшаш жойларини кўкаламзорлаштиришда, манзарали боғларни барпо қилишда фойдаланадиган юқори манзарали ва фитонцидли дарахт ва бута турларининг кўчатларини етиштириш билан шуғулланиб келаётган корхона фаолияти билан танишди ҳамда мазкур муассаса раҳбари Мухамеджанов Аминжон Хожи ота билан суҳбатда бўлди.

Қатнашчилар хусусий корхона фаолиятида етиштирилаётган Виргин арчаси, Қрим қарағайи, Шарқ биотаси, Тяньшан қорақарағайи, Тиканли қорақарағай, Оқ қайин, Майдабаргли жўка, Сохта каштан, Гўзал катальпа, Маклюра, Қайрағоч, Ҳинд настарини, шамшод каби наёб манзарали дарахт ва бута турларининг турли ёшдаги ва турли кўринишда шакл бериб парваришланаётган ўсимликлари билан танишди.

Мазкур корхонанинг манзарали дарахт ва буталар кўчатларини турли ёшида ва турлича кўринишда қирқиб, шакл бериб ўстириш технологиялари тажрибаларини олий таълимнинг “Ўрмончилик ва ўрмон мелиорацияси”, “Манзарали боғдорчилик ва кўкаламзорлаштириш” бакалавриат таълим йўналишлари ва ўрта махсус касб-ҳунар таълимининг “Ўрмон хўжалиги техниги” касб йўналиши ўқув жараёнига киритиш мақсадида Тошкент давлат аграр университети ректори Сулаймонов Ботиржон Абдушукирович томонидан:

1. Манзарали дарахтлар ва буталар кўчатларини шакл бериб ўстириш тажрибаларини фаннинг ўқув дастурларига киритиш;

2. Талабаларнинг ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётларини хусусий корхона базасида ўтказиш;

3. Манзарали дарахт ва бута турлари кўчатларини шакл бериб ўстириш тажрибаларини талабаларга ўргатиши учун корхона раҳбари Мухамеджанов Аминжон Хожи отани кафедрага ишга қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Айтиш керакки, мазкур амалий ҳаракатлар университет ва Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларида таълим сифатини оширишда муҳим аҳамиятга эга.    

 

Top