21:20 / 04.08.2017
14636

Зидан қандай шарт эвазига Мбаппе трансферига рози бўлишини айтди

Агар «Реал»га «Монако»дан Килиан Мбаппе келса, Гарет Бэйл кетиши мумкин. Бу ҳақда Marca хабар тарқатган.

Кейинги вақтларда ушбу 18 ёшли француз трансфери бўйича музокараларда силжиш кузатилмаётганди, бунга «Реал» бош мураббийи Зайниддин Зиданнинг позицияси сабабдир.

Зидан Мбаппени сотиб олиш учун Гарет Бэйлни сотишга тўғри келишини айтади. У акс ҳолда «Реал»нинг ҳужум чизиғида Мбаппега жой топиб бера олмайди. Бундан ташқари, агар Бэйл сотилмаса ва Мбаппе келса, бу Иско ва Марко Асенсиога тўсқинлик қилади.

Июль ойи ўрталарида «Монако» мадридликларга Мбаппени 190 миллион евро эвазига сотиши мумкинлигини айтганди. «Реал» эса 150-160 миллион евро тўлаб, 20-30 миллион евро бонус беришга тайёр. Томонлар келишувга яқин келишган.

Неймар «Барселона»дан «ПСЖ»га 222 миллион евро эвазига ўтгач, «Монако» талабларини ўзгартирди, энди монегаскликлар Мбаппе Мадридда «Олтин тўп» олса, 25 миллион евро бонус тўлашини истайди. «Реал»ни бу қониқтирмайди, аммо трансферни тўхтатиб турган асосий сабаб – Зиданнинг позициясидир.

«Реал» Бэйлни 100 миллион еврога баҳолаган. Уни инглиз клубларидан бири сотиб олиши мумкин.

Top