Жаҳон | 10:40 / 21.08.2017
18562
4 дақиқада ўқилади

Видео: АҚШда асосчи оталар монументини йўқ қилишни исташмоқда

Шарлотсвиллда Фуқаролик уруши вақтида жанубликлар (қулликнинг бекор қилинишига қарши чиққанлар) армиясига қўмондонлик қилган генерал Роберт Ли ҳайкалини олиб ташлаш таклифидан кейин миллатчилар ва уларга қарши чиқувчилар ўртасида бошланган қарама-қаршиликлар давом этмоқда.

Эндиликда конфедерациянинг (қулликни қўллаб-қувватлаганлар) барча арбобларидан воз кечиш бўйича таклифлар билдирилмоқда. Хусусан, Америка асосчилари Жорж Вашингтон ва Томас Жефферсондан ҳам.

ОАВда Жорж Вашингтон (Американинг биринчи президенти, 1789-1797), Томас Жефферсон (1801-1809), Теодор Рузвельт (1901-1909) ва Авраам Линкольн (1861-1865) шарафига Кистоун шаҳри яқинидаги Рашмор тоғларида тошдан ўйиб ишланган ҳайкалларни йўқ қилиш бўйича таклифлар билдирилмоқда. Бу монумент АҚШ ташкил топганига 150 йил тўлиши муносабати билан ишланган. Бу президентлар АҚШ тарихидаги энг муҳим шахслар ҳисобланишади. 

CNN телеканали эфирида қора танли журналист Америка асосчилари бўлган президентлар ўз боболарини одам сифатида кўрмагани, уларнинг ҳайкалларини йўқ қилиш кераклигини айтади.

VICE нашрида «Рашморни портлатайлик» сарлавҳаси билан мақола нашр қилинди.

«Ҳа, Вашингтон ва Жефферсонда қуллар бўлган», дейилади мақолада.

Қайд этиш керакки, Рашмор тоғидаги ҳайкаллардан бири Авраам Линьколн қулдорликка қарши курашган илк президент ҳисобланади, унда қуллар бўлмаган. Аммо у бошлаган шимол ва жануб ўртасидаги Фуқаролик уруши мамлакат тарихидаги энг ҳалокатлиси бўлган.

1861 йил 12 апрелда бошланган фуқаролар уруши мамлакатда мисли кўрилмаган қурбонлар сонининг ортиб бориши, иқтисодий тушкунлик, ирқчилик ва миллатчилик кўринишидаги зиддиятларни тугатиш билан якунланди. Уилльям Фокс ва Томас Леонард Ливермор ўтказган тадқиқотлардан аён бўладики, мазкур урушда қарийб 620,000 киши вафот этган. 1889 йилда аниқланган бу рақамлар ҳозирги пайтгача фуқаролар урушида ҳалок бўлган энг катта рақам сифатида эътироф этилади.

Шимол ва жануб штатларининг тўқнашувига, асосан, янги ташкил этилаётган ҳудудларда қулдорлик тизимини бекор қилиш масаласи сабаб бўлган, дея келтирилади. Аслида шимолий ҳудудларда қора танлиларнинг ҳуқуқлари қисман тикланган бўлиб, жанубда қулдорлик ҳамон барқарор эди. Пахта плантациялари, йирик ферма хўжалигида хизмат қилувчи қора танли арзон ишчи кучи қулдорлик тизимини йўқолиб кетмаслигининг асосий омили бўлган. Шундан кейин, штатлар эркинлик ва фуқаролик жамияти учун қўлига қурол олди. Фуқаролар урушининг якунида, 1865 йилнинг 9 апрель кунида жануб армияси қўмондонларининг сўнггиси, генерал Роберт Ли жанг майдонида енгилди. Шунинг билан Америка конфедератив штатлари ўз умрини яшаб ўтди.

Айнан ўша қўмондон Роберт Лининг ҳайкали ирқчилик энг авж олган Виржиниянинг Шарлотсвилл шаҳрида ўрнатилган.

8 июль куни ҳайкалда қизил бўёқлар билан битилган «Қоралар масаласи муҳим» ёзуви пайдо бўлди.

Кейинчалик мактаб ўқувчиси ҳайкални Шарлотсвиллдан олиб ташлаш тўғрисидаги петиция бошлаши зиддият кўламини кенгайтирди.

Бундан аввалроқ АҚШда қулликни кучда қолдирган судья ҳайкалини бузиб ташлаш таклифи билдирилганди.

Мавзуга оид