11:41 / 31.08.2017
30656

Пойтахтдан уй сотиб олаётганда иш стажини тасдиқлаш лозим

Адлия вазирининг буйруғи (2017 йил 22 август) билан Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

Пойтахт ва пойтахт минтақасида кўчмас мулкни сотиб олиш бўйича битимларни нотариал тасдиқлашда (уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми бўйича олди-сотди, айирбошлаш, рента, умрбод таъминлаш шарти билан ўзгага бериш ва ҳадя қилиш, шунингдек гаровга (ипотекага) қўйиш, кўчмас мулкдан (кўчмас мулкнинг бир қисмидан) воз кечиш ва кўчмас мулкни ўзгага беришнинг бошқа усуллари бўйича шартномалар) нотариусларга Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 7 октябрдаги 336-сон қарорининг 1-иловасида кўрсатилган давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларининг маълумотномалари асосида 3 йил давомида лавозимда бўлганлигини текшириш вазифаси юкланди. У қуйидаги асосда амалга оширилади:

•  Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар-Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати 9-11 бандлари;
•  Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниш ҳуқуқи бўлган чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар рўйхатининг 6-банди (Олий Мажлиснинг палаталари, Президент, Вазирлар Маҳкамаси томонидан ёхуд Президент билан келишилган ҳолда лавозимларга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқаролар, шунингдек уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, шунингдек уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари); қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайланган фуқаролар, шунингдек уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, шунингдек уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари); давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассислар, тор ихтисосликдаги мутахассислар тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг илтимосномасига кўра, шунингдек уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, шунингдек уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари) назарда тутилмоқда).

Шу тариқа, камида 3 йил мобайнида лавозимни эгаллаб туриш кўрсатиб ўтилган шахсларнинг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида прописка олиши учун муқаррар шарт ҳисобланади. Илгари фақат ички ишлар органларининг доимий прописка мавжудлиги ҳақидаги маълумотномаси талаб этилар эди, нотариус эса доимий прописка штампи туширилган вақтдан 3 йил ўтганини текширарди (бу шарт ҳозирда ҳам кўзда тутилган).

Top