22:00 / 08.09.2017
24017

Авиакассалар ва меҳмонхоналар янги шароитда қандай муаммоларга дуч келишмоқда?

Фото: goldenpages.uz

2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг юртимизда ягона ва шаффоф валюта бозорини шакллантиришга йўналтирилган «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5177-сонли Фармони имзоланди. Бизнес вакиллари уни юксак кўтаринкилик билан кутиб олди.

Бироқ ушбу фармон қабул қилингунга қадар бўлган валюта мажбуриятлари билан энди қандай иш тутиш кераклиги ҳақида саволлар пайдо бўла бошлади. Жумладан, йўловчи авиаташувини амалга ошириш соҳасида. Банк ходимлари Марказий банкдан кўрсатмалар кутиб туришибди, ваҳоланки қонунчилик бу муаммони бемалол еча олади, деб ёзади Norma.uz эксперти.

Йўловчилар авиаташувини амалга ошириш Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 1 августдаги №224-сонли қарорига кўра тартибга солинган. Унинг асосида ҳаракат қилиб, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК Россия Федерациясининг шаҳарлари йўналишида, хорижий авиакомпаниялар эса барча йўналишларга 2017 йилнинг 5 сентябрига қадар авиачипталарни АҚШ долларида сотиб келишаётган эди. Агентлар ва субагентлар валюта тушумининг 50 фоиз мажбурий сотувини амалга оширишлари шарт эди. 5 сентябрдан эътиборан авиачипталар сўмга сотилмоқда ва авиакомпаниялар агентлик битимини қайтадан имзолашган.

Бироқ, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК агентлари, хорижий авиакомпаниялар агентлари ва субагентлари ва уларига хизмат кўрсатаётган банклар ўртасида баъзи муаммолар вужудга келган.

Банклар:

- «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ҳамда хорижий авиакомпанияларнинг Ўзбекистондаги агентлари ва ваколатхоналари валюта ҳисоб рақамларига 5 сентябргача бўлган муддат учун сотилган авиачипталар учун маблағларни ўтказиб бериши лозим бўлган авиакомпаниялар агентлари ва субагентларининг тўлов топшириқномаларини бажаришдан бош тортмоқда;

- 2017 йил 5 сентябрга қадар тушган валюта тушумлардан 50 фоизини мажбурий сотиш тўғрисидаги тўлов топшириқномаларини агент ва субагентлардан қабул қилмаяпти.

Банклар ўзининг бу хатти-ҳаракатини 5 сентябрдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча ўзаро ҳисоб-китоблар миллий валютада амалга оширилиши, валюта тушумидан мажбурий сотиш эса бекор қилингани билан тушунтиришмоқда. Президент фармони ишга тушгунга қадар сотилган авиачипталар учун маблағлар ўтказиб берилиши ва ўша давр учун валюта тушумини мажбурий сотувини амалга ошириш зарур экани ҳақидаги тушунтиришлар эса наф бермаяпти. Ёзма равишда рад жавоби бериш ҳақидаги талабларга эса, банк ходимлари Марказий банкка мурожаат қилиш кераклигини айтишмоқда.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар акс таъсир кучига эга эмас ва улар амалиётга жорий этилганидан кейинги пайдо бўлган жамоат муносабатларига нисбатангина қўлланилади, агар бунинг акси норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ўзида тўғридан-тўғри кўзда тутилмаган бўлса. («Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг 31-моддаси).

Бинобарин, биз айтаётган ҳужжат 5.09.2017 йилда кучга кирган бўлса ва унда у акс таъсир кучига эгалиги белгилаб қўйилмаган бўлса, бу санагача пайдо бўлган шартнома муносабатлари ва мажбуриятлари аввалги шартларда амалга оширилиши керак.

Демак агент ва субагентлар:

- ҳужжат ишга тушган кунгача йиғилган валюта йиғимининг 50 фоизини давлатга сотишлари керак;

- 5.09.2017 йилгача сотилган авиачипталар учун валютани «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК, хорижий авиакомпанияларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ва агентлари валюта ҳисоб рақамига ўтказиб беришлари керак.

Акс ҳолда, авиакомпаниялар дебитор қарздорликни ундириш ҳуқуқига эга бўлишади. Масалан, уни агентларнинг авиакомпания ҳисоб-рақамларидаги хорижий валютадаги депозитларидан ёки агентлар авиакомпанияларга тақдим этадиган банк кафолатидан ундиришлари мумкин бўлади.

Norma.uz таҳририятига кўплаб мурожаатлардан кўриниб турибдики, худди шундай муаммоларга туризм соҳаси ташкилотлари ҳам дучор бўлишган.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 1 январидан меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш воситачилари хорижий фуқаролардан ва фуқаролиги йўқ шахслардан кўрсатилган хизматлар учун фақат эркин конвертланадиган валютада тўлов қабул қилишлари мумкин (2016 йил 2 декабрдаги ПФ-4861нинг 10 банди 1- ва 2-хатбошиси). Бироқ банклар ҳозир 5.09.2017 йилгача реализация қилинган туристик хизматлар учун хорижий валютадаги тўловларни ўтказиб беришмаяпти ва бу туристик операторлар (туристик агентлар) ва меҳмонхоналар (отеллар ва бошқа жойлаштириш воситачилари) ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир кўрсатмоқда.

 

Азизахон Тошхўжаева,

«Norma online» МЧЖ эксперти.

Мавзу
Эркин конвертация

Жорий йил 5 сентябридан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари валютани чекланмаган миқдорда сотиб олиши ва сотишлари мумкин. Президентнинг эркин конвертация тўғрисидаги фармони кучга кирди

Барчаси
Top