Спорт | 19:02 / 15.09.2017
14249
7 дақиқада ўқилади

«Мураббийлар мени ўйнатмаётган экан, гап ўзимда». Иско «Олтин тўп» томон бормоқдами?

Иско ҳамиша ўз яқинларига «Реал» таркибида дунёнинг энг яхши футболчиларидан бирига айланиши мумкинлиги ҳақида гапириб келган. У ҳатто бир йил олдин, мадридликлар жамоаси бош мураббийи Зайнидин Зидан уни асосий таркибдан чиқарган ва унинг «Барселона»га ўтиши ҳақида хабарлар тарқалганида ҳам шундай фикрда эди. Каталонияликлар Искони Иньестага ўринбосар сифатида кўришганди. Режага кўра у 2018 йилдан «Барселона»га ўтиб, 20 млн евро миқдорида йиллик маош олиши кутилганди. Аммо футболчи қолишга ва ўзига имконият берилишини кутишга қарор қилди. «Мен осонгина таслим бўлмайман. Биламан, мен «Реал»да муваффақиятга эришаман», – деганди испаниялик футболчи.

Иско 2016/17 йилги мавсумда жамоанинг Чемпионлар лигасидаги 10 ўйинидан фақат иккитасида майдонга тушди, «Спортинг»га қарши ўйинда 67, «Наполи» билан ўйинда эса 10 дақиқа ҳаракат қилди. Примерадаги иштироки эса Бэйлнинг жисмоний ҳолатига боғлиқ бўларди. Аммо футболчи ўзига ишонди ва терма жамоа сафида ЖЧ-2018 саралашида Италияга қарши ўйиннинг асосий таркибидан жой олиб, ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатди.

Испания ва Италия терма жамоалари ўйини натижаси 3:0 бўлгани бир терма жамоанинг иккинчисидан ҳаддан ошиқ кучли бўлганини англатмайди – шунчаки Иско ўйинни ўз зиммасига олганди. У икки гол уриб, ўйин давомида майдоннинг ҳар нуқтасида рақиб футболчиларини ожиз қолдирди.

«Мен ҳайратдаман. Унинг жисмоний ҳолати жуда зўр. У энди ёш бола эмас. Тўп йўқотилганида у яшиндек ҳаракат қилади ва тўпни қайтариб олмагунча тўхтамайди. У гол уришни қойиллатади. Авваллари клублар скаутлари ортиқча вазни ва бўйи пастлиги учун уни қадрлашмасди. Иньеста ҳақида ҳам 10 йил олдин шундай дейишмаганмиди? У қанотда ҳам ўйнай олади! Иньеста ва Иско каби футболчилар исталган жойда ўйнай олишади. Иско Италияга қарши ўйинда қайси позицияда ўйнади? У ҳамма жойда ҳозир эди», – дея унинг ўйинига муносабатини билдирган мураббийлардан бири.

Бундай ўйиндан кейин аввалги мураббийлари Исконинг қобилиятига етарлича баҳо бермагани ҳақида бемалол айтиш мумкин (Зидан вақтида ҳам вазият деярли шундай бўлди). Мураббийлар аҳмоқ бўлишганми ёки аввал Иско ҳозиргидек бўлмаганми?

«Мен унга имкон берганман, бир мартагина эмас, аммо футболчи имкониятидан фойдаланмаса, уни мажбурлайверишмайди-ку», – дея қайд этган Унаи Эмери Mentalidad Ganadora номли китобида. Иско «Валенсия» академияси тарбияланувчиси бўлиб, 2009 йили асосий таркибга ўтган, 2010-2011 йилги мавсумда Унаи Эмери бош мураббий бўлган даврда у жамоада 4 учрашувда майдонга тушган.

Кейинги мавсумда эса «Малага»га трансфер қилиниб, у ерда Мануэль Пеллегрини қўли остида икки мавсум муваффақиятли тўп сурган.

Эмеридан бошланиб Анчелоттигача бўлган футбол мутахассислари бир хил фикрдалар: унга қанотларда, ҳимояда фаоллик етишмайди, тезлик ва паслар бўйича кўрсаткичлар юқори эмас.

Иско ҳамиша талантли футболчи бўлган, аммо чиройли финтлар асосий таркибдан жой учун гаров эмас. «Мен тентак эмасман. Агар Анчелотти, Бенитес ва Зидан мени асосий таркибга киритмаган экан, гап ўзимда», – дея тан олганди Иско. Ҳозир барчаси ўзгарган, унинг меҳнатлари натижа бермоқда.

Хулен Лопетеги Испания терма жамоасига бош мураббий бўлиши Исконинг омади келиши эди. Баск бўлган бу мутахассис Искога алоҳида эътибор қаратди. «Франсискога эркинлик тақдим этиш керак, у қаерда ўйнашни истаса, ўша ерда бўлиши керак. Биз унга ишонамиз, ҳатто у клубида доимий ўйин амалиётига эга бўлмаса ҳам. Биз унга ишондик ва у терма жамоага фойда келтирмоқда», – дея қайд этган испанлар терма жамоаси мураббийи.

Италия билан ўйинда ҳам Лопетеги 25 ёшли футболчига ишонч билдирди ва ҳужумчисиз ўйнашга қарор қилди. «Талантли футболчи бўлиш бор, буюк футболчи бўлиш бор. Иско буюк футболчига айланмоқда. У ўтган йиллар давомида ўсди ва ҳақиқий етакчига айланди. У «Олтин тўп» олиши мумкин», – дея изоҳлаган баск.

Ҳатто итальянлар термаси бош мураббийи Жампьеро Вентура унинг ўйинидан ҳайратларини яшира олмади: «Исконинг ўйинини кузатиш роҳат бахш этади. Майдон марказида Верраттининг оёқлари орасидан тўпни олиб ўтган вазиятни қаранг. Мен унга қарсак чалиб юборай дедим».

Иско Аларкон Евро-2016 саралашида 380 дақиқа ўйнаган ва бир гол урганди. ЖЧ-2018 саралашида эса у 356 дақиқа майдонда ҳаракат қилиб, 6 гол уришга улгурди.

Аввал Искога ўйин амалиёти етишмасди, бунинг ортидан унинг ўзига бўлган ишончи йўқолган. Бэйлнинг жароҳатидан кейин у асосий таркибга қўшила бошлади ва қанотларда ҳам ҳаракатланиши мумкинлигини намойиш этди. Мураббий ундан ҳужум ортидаги ҳужумчи ва ҳужумкор ярим ҳимоячи амплуаларида ҳам фойдаланди.

Бундан кейин ҳам Зидан BBC учлигига ишонч билдирадими? Ёки Бэйл ва Бенземадан кўра яхшироқ формада бўлган Иско ва Асенсиога йўл очиб берадими?

«Барселона» президенти Жозеп Бартомеу Иско Иньестани алмаштира олишига ишонч билдирганди. Аммо «Реал» бугун футболчи билан шартномани узайтирди. Футболчи клуб билан шартномани 2022 йилгача узайтирди, унинг бадал пули миқдори 700 млн евро этиб белгиланди (аввалги шартномага кўра 150 млн евро), футболчининг йиллик маоши миқдори 6 миллион евро.

Иско олдиндаги Европа чемпионати ёки Жаҳон чемпионатида ўзини кўрсатса, Италияга қарши ўйиндаги каби ҳаракатларни амалга оширса, «Олтин тўп»га даъвогарлик қила олади.

Мавзуга оид