Жаҳон | 08:53 / 21.09.2017
5225
2 дақиқада ўқилади

Хорватия евро ҳудудига кириш бўйича кампания бошлайди

Фото: РИА «Новости»

Хорватия раҳбарияти 2020 йилда Европа валюта курслари механизмининг бир қисми, кейинроқ эса евроҳудуднинг тўлақонли аъзоси бўлиш учун яқин ҳафталарда евро ҳудудига кириш бўйича кампанияни бошлайди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Андрей Пленкович маълум қилди. 

Пленкович бу ҳақда Нью-Йоркдаги Колумбия университети талабалари олдидаги чиқиши вақтида айтди. Унинг айтишича, Загреб олдида Хорватиянинг евроҳудудга мансублигини кучайтирадиган яна икки қадам қолди. Улардан бири – шенген зонасига қўшилиш, иккинчиси эса евроҳудудга кириш.

"Биз 2011 йилда Европа Иттифоқига кириш ҳақидаги келишувни имзолаганимизда, шенген ва евро ҳудудлари талаб ва мезонларига мувофиқ келишга розилик берганмиз. Яқин ҳафталарда евроҳудудга кириш бўйича кампанияни бошлаймиз. У ҳукумат ва миллий банк томондан амалга оширилади", деб айтган Пленкович.

Айни вақтда Хорватияда муомалада миллий валюта – хорват кунаси амал қилиб, унинг курси бир евро учун 7,5 куна атрофида тебранади. Хорватия Европа Иттифоқига 2013 йилда кирган ва унинг энг ёш аъзоси ҳисобланади.

Мавзуга оид